ЎзА Ўзбек

31.07.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Мозийда қолган клуб

Мозийда қолган клуб
“Мозийга қайтиб иш кўриш – хайрлик”

Абдулла Қодирий,

“Ўткан кунлар”

Футбол ва адабиётни доимо ёнма-ён қўйгим келади. Иккиси ҳам бирдек гўзал. Сирли. Айниқса, ўзимнинг ҳаётимда иккиси муҳим ўрин тутади. Футбол эса болалигимдан мени ўзига маҳлиё қилган.

Эсимни таниганимда, вилоятимиздаги инсонлар фақат бир жамоага мухлислик қилишарди. Ўша жамоа ўйинларини кўриш учун одамлар атроф туманлардан стадионга оқиб келарди. Жамоанинг чўққида юрган даврлари эди...

Биласизми, ҳар бир кўринган тоғнинг чуқур жарлиги бўлади. Чўққига чиққач, кун келиб пастга тушишга тўғри келади. Зоҳиран, навбатдаги чўққини забт этиш учун. Ботинан эса осмон қадар баландликка чиқиб, манзарадан боши айланиб, ўзини йўқотиб қўймаслигинг, яна олға қадам ташлашинг учун сенга ана ўша чуқурлар керак бўлади.

nasaftren.jpg

Мозийнинг тубсиз жарликларида қолиб кетган, чўққига чиқиш учун ўзида куч, матонат топа олмаётган бир клубнинг ҳаётига назар ташламоқчиман.

Бугун уни кўрганимда, ачиниш ҳислари танимни эгаллайди. Шонли ўтмиши ер билан битта бўлаётган, анъаналарига хилоф иш тутиб, тиргак инсонини йўқотган, бошқарувни издан чиқарган клуб аввалгисининг сояси каби ҳам эмас.

Биласизми, у шунақа клуб эди. “Пахтакор”га қарши ягона куч бўлиб майдонга чиқадиган, курагини ерга теккизиб қўядиган, мухлисларининг ажиотажидан лаззат оладиган, ўз уйида ютқазса, эртаси куни мухлисларнинг қаҳр-ғазабига дучор бўларди. Футболчи ва мухлис ўртасидаги муносабат кучли эди. Ҳар иккисида ғурур деган тушунча бўларди.

sarkisyan.jpg

Майдон четидаги мўйловли, талабчан, қаттиққўл, “ширинсўз” мураббийи бир олам, гол киритилса, ишчилар қўл меҳнати сабаб ўзгарадиган кулгили таблоси бир олам эди. Бир пайтлар унинг довруғи баланд, халқаро майдонларда юрт шаънини муносиб ҳимоя қиларди. Ўз уйида исталган рақиб билан тенгма-тенг ўйнар, мағлубиятга осонлик билан кўнавермасди.

Уни бошқача кўраман. Сабаби, ўша клубнинг футболга ихтисослашган мактабида таълим олганман. Начора, футболчилик насиб этмади. Бу ҳам тақдир. Аммо ўзидан кўплаб хотиралар, эсдаликлар қолдирди. Бу клубни болалигимдан бери биламан. Суягим шу клубда қотган. Болалигимни эслатади менга.

Мактабдан баъзида унинг ўйинларини кўриш учун қочиб кетардик. Назорат остида ушланадиган, қаттиқ тартибдаги мактаб тарбиячилари ҳам бизни эплай олишмасди. Баъзида эса улар билан ўйингоҳга ташриф буюрардик. Клуб стадионининг 14 секторидан ўйинни томоша қилиш, яшил майдонда шуғулланаётган футболчиларга ҳавас ила боқиш –– бу умуман бошқача туйғу. Уни бошидан ўтказган билади. Биз ҳам эскириб қолган бўлса-да, аммо файзли стадионида тўп суришни орзу қилардик.

garrincha-2.jpg

Бугун эса ўша жамоадан асар ҳам қолмади. Ҳа, ҳа, ишонаверинг. Унинг тизимини биладиган, қон-қонига синган, неча йиллар мобайнида унинг шонли пайтида “Ара” деб аталадиган бош мураббийидан қисман сабоқ олган инсон сифатида бунга аминман.

Нима ҳақида жон куйдираётганимизни сездингиз. Водийнинг, Фарғона вилоятининг бош жамоаси –– “Нефтчи” ҳақида эди юқоридаги сатрлар.

Саркисянинг сўкишлари, Анвар Бердиевнинг қайчи услубидаги зарбалари, жамоанинг “Ян Коллер”и ва ягона легионери бўлган Илья Коваленко, меҳнаткаш Мансур Саидов, ҳимоянинг ишонган тоғи Макс Усмонов, мактабимиз тарбияланувчиси дарвозабон Ғайрат Ҳасанов, хато қилса, бўралатиб сўкиладиган, аммо қалб-қалбдан мухлисларнинг кўнглидан жой олган фахрий Хислат Чилматов, тезкор Иқбол Акрамов, ҳамма футболчилари ёдимда.

1487229817_max_news.jpg

Нега водий футболи инқирозга юз тутди биласизми? Ўйлашимча, “Нефтчи”нинг омадсизлиги туфайли. Зеро, ундан сал аввал “Навбаҳор” “ўйиндан чиққанди”. Навбат Фарғона жамоасига етди. Мана шундан бери ҳар иккиси ўзига келолмаяпти. “Навбаҳор”нинг бу мавсумдаги ёрқин ўйинларини сабаб қилиб келтирманг. Баъзида ёрқин ўйин кўрсатадиган жамоа илгариги “Навбаҳор” эмас. “Қўқон-1912” жамоасининг шубҳали ғалабалари эса бошқа мавзу. Бунинг замирида водий футболи ортга қадам ташлаганини кўрсатади. “Андижон” эса Суперлига ва Про-Лигада саргардон бўлиб чарчади. “Нефтчи” эса мана неча йиллардан рельсдан чиқиб кетганча қайта ўнгланмаяпти. Катта стадион қурилди, бироқ мухлисларни йўқотди. Илгари бундай эмасди. Водий футболи деганда кўпчиликнинг кўз олдида “Нефтчи” тушунилади. Аммо бугунги жамоа кўп жиҳатлар борасида ортда қолмоқда.

diem-tin-sang-06-05-sir-alex-nhap-vien-man-utd-sap-co-ban-sao-matic-091641.jpg

Доимо “Нефтчи”ни Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби билан боғлардим.. Хаёлан иккисини солиштириб, эгизаклардек кўрардим. Албатта, ўртадаги тавофут катта, бироқ айрим ўхшашликлар бор эди.

Ҳар иккисининг мураббийи бир вақтда бош мураббийликка келиб, бир йилда кетишди. Ягона фарқи –– бириники дабдабали, бошқасиники аянчли. Яна шунингдек, ҳар иккиси даставвал завод ишчиларининг жамоаси бўлган.

6a82c150-1d88-491d-ba49-2e967f8f46b5.jpg

Фарғона нисбатан салқин шаҳар. Манчестер ҳам ҳам шундай. “Нефтчи”нинг либоси яшил, “Юнайтед”ники эса сариқ-яшил. Ўхшашликлар бор, шундайми? Мана энди ҳар иккиси 27 йиллик йўлбошчисидан ажралиб, йўлини йўқотиб қўйди. Довдираганча ўзига кела олмаяпти.

Юқоридаги сатрларни ёза туриб, неча йиллардан сўнг “Нефтчи”дек жамоани бир вақтлар мамлакат чемпиони бўлган “Дўстлик” жамоаси каби йўқотиб қўйишдан қўрқиб кетдим.

Шунинг учун, ўзлигингга қайт, “Нефтчи”! Қайтиш фурсати етди!

Шерзод Маҳмудов, журналист
6 017