ЎзА Ўзбек

13.12.2018 Чоп этиш версияси

Москва кўз ёшларга ишонмайди, бироқ....

Москва кўз ёшларга ишонмайди, бироқ....

Кеча тунда клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир – УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқич учрашувлари якунига етди.

Бунга қадар ушбу нуфузли турнирнинг плей-офф босқичига йўл олган 15 та жамоа аниқ бўлиб улгурганди. Чоршанба оқшомида мусобақанинг баҳорги мавсумида курашни давом эттирадиган сўнгги клуб ҳам маълум бўлди.

“Ғ” гуруҳида Украина чемпиони “Шахтёр” яна аввалги мавқеини тиклашга ҳаракат қилаётган Франциянинг “Лион” жамоаси билан куч синашди. Мазкур ўйинда донецкликларни фақат ғалаба қониқтирарди, французларга эса дуранг ҳам кифоя қиларди. Шу боис “Шахтёр” илк дақиқалардан ҳужумга зўр берди ва Мораеснинг аниқ зарбасидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Аммо, гуруҳ босқичида кимсан “Манчестер Сити”га ютқазмаган французлар учун “Шахтёр”га имкониятни бой бериш асло ярашмасди. Якунда шундай бўлди ҳам. Ўйиннинг 65-дақиқасида сўнгги вақтларда Европанинг топ клублари ақлини ўғирлаётган Набил Фекир ҳисобни тенглаштирди. Бу натижа “Лион”га плей-офф йўлланмасини тақдим этган бўлса, “Шахтёр” яна Европа лигасига равона бўлди.

2588101_w1.jpg

Кечаги ўйинлар орасида энг кутилмаган ҳамда барчани ҳайратланишига сабаб бўлган натижа “Сантьяго Бернабеу” стадионида кузатилди. Унда ЧЛнинг сўнгги уч йилдаги ғолиби “Реал” Москванинг ЦСКА жамоасига йирик – 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Тўғри, Мадрид жамоаси муддатидан аввал плей-офф йўлланмаси ва гуруҳ ғолиблигини нақд қилганди.

d6eabce2-6d15-4214-b4d3-027e0a8466ee.jpg

Шу боис Сантьяго Солари бу ўйинда асосий таркибнинг бир қатор етакчиларига дам беришга қарор қилди. Хусусан ҳимоя маркази Хесус Вальехо ва Хавьер Санчес сингари тажрибасиз футболчиларга ишониб топширилди. Бу эса мазкур ўйинда фақат ғалабагина Европа лигасига йўлланма тақдим этиши мумкин бўлган армиячиларга қўл келди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ЦСКА ғалаба қозониб, Чехиянинг “Виктория” клуби ўз майдонида очко йўқотсагина руслар Европа лигасида курашни давом эттириши мумкин эди. Буни тўғри англаган меҳмонлар илк дақиқалардан ҳужумга зўр беришди ва танаффусгача ҳисобни 0-2 кўринишига келтиришди.

2587937_w1.jpg

Бу пайтда параллел равишда кечаётган “Виктория” – “Рома” ўйинида ҳисоб очилмаган эди. Танаффусдан кейин ҳам руслар ҳужумкорликни пасайтирмади ва якунда йирик ғалабага эришди. Аммо бу пайтда чехлар “Рома”ни 2-1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлганди. Натижада ЦСКА мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатган бўлса-да, (ЧЛда “Реал”ни гуруҳ босқичида ҳар икки ўйинда мағлуб этган жамоа бўлмаган) ҳатто Европа лигасидан ҳам четда қолди. Нима ҳам дердик, Москва кўз ёшларга ишонмайди, аммо армиячилар жамоаси кўз ёшлар дарёсига ғарқ бўлди.

ЧЛнинг кечаги ўйинларида қайд этилган натижалар билан танишинг:

“Янг Бойз” Швейцария“Ювентус” Италия2:1

“Валенсия” Испания “Манчестер Юнайтед” Англия2:1

“Аякс” Голландия“Бавария” Германия – 3:3

“Бенфика” Португалия АЕК Греция1:0

“Манчестер Сити” Англия “Хоффенхайм” Германия2:1

“Шахтёр” Украина“Лион” Франция1:1

“Реал Мадрид” ИспанияЦСКА Россия 0:3

“Виктория” Чехия“Рома” Италия2:1

5 292
Отабек Эшмаматов, ЎзА