ЎзА Ўзбек

16.07.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Москва кўз ёшларга ишонади...

Москва кўз ёшларга ишонади...
1980 йил 11 февралда Владимир Меншовнинг «Москва кўз ёшларга ишонмайди» деб номланган фильми ойнайи жаҳон юзини кўради. Орадан бир йил ўтгач, Америка кино академияси кинокартинани «Оскар»га лойиқ деб топади. Бугун ушбу фильм барчага маълум-у машҳур. Россия майдонларида бўлиб ўтган футбол ўйинларига мазкур фильмнинг нима алоқаси бўлиши мумкин дерсиз?

Якшанба оқшомида бутун мусобақа давомида чароғон бўлиб турган рус ўлкаси осмони финал якунига етганидан сўнг қора булут қоплашига изн берди. Ёмғир ёға бошлади. Гўёки Хорватиянинг мағлубиятига ачингандек.

Айнан шунинг учун ҳам мақоламиз сарлавҳасини бироз ўзгартириб, моҳиятимизга мос равишда «Москва кўз ёшларга ишонади» деб номладик.

n.jpg

Хорватия. Эҳ, Хорватия, Хорватия! Атиги 4,5 миллион аҳоли яшайди. Биздан етти баробар кам. Майдони эса жуда кичик. Дунёда 126 ўринда туради. Аммо ўзига хос «нимадир»и бор? Мундиалда ҳаммага ёқиб қолганди-я? Ярқ этган юлдузи йўқ, аммо меҳнаткаш йигитлардан тузилган аҳил жамоа. Бу шундай жамоа, мураббийи шундай эдики, муаммоларга тўла ҳужум чизиғи бўлса ҳам ватани учун майдонга тушишдан бош тортган футболчисини мусобақа давомида четлатишга қодир! Ватани учун тўп суришни афзал деб билган ва футболчиларнинг мана шу иши учун ҳам балки финал етиб келгандир?

rue39e5ca9d08.jpg

Модричнинг ёш тўла кўзлари менга футбол жозибадор бўлгани билан аянчли эканини ҳам кўрсатди. Ўз дарвозаси ва рақиб дарвозасига гол урган Манжукичнинг ўйчан қиёфаси, оддий, юртпарварлиги туфайли катта довруқ қозонган кичик юртнинг улкан қалб соҳибаси Хорватия президенти Колинда Грабар-Китаровичнинг юртдошларига меҳр ила далда бериши дилларни тўлқинлантириб юборди. Самодан ёғаётган ёмғир Хорватиянинг мағлубияти жуда кўпчилик учун аламли бўлганини тушунди. Футбол – юлдузлар дегани эмас, якдил жамоа деган тушунчанинг мавжудлигини таъкидлашга уринди. Ёдимга эса бир вақтлар Европа чемпионатида зафар қучган Греция терма жамоасининг бош мураббийи Отто Рекхагелнинг шу сўзлари тушди:

« – Португалия билан финалда ўйнаймиз. Португалия яна финалга чиқиши, ғолиб бўлиши мумкин, бироқ биз бир марта чиқамиз. Бир марта чиқилган жойда эса ғалаба қозониш керак!»

img_top.jpg

Рекхагел жаноблари ҳақ эди. Ҳа, Хорватия мусобақа давомида ёрқин ўйин кўрсатди. Аммо ишонаверинг, келгуси жаҳон чемпионати ёки Европа чемпионатида мундиал финалчиси бўлган Хорватияни фаворитлар қаторига қўшишмайди. Ўртамиёналик даражасида сақлаб тураверишади. Мусобақа давомида хорватлар ўзларидан бир бош баланд сакради. Аммо ўша оқшомда яна бир марта сакраш учун кучлари етмади. Аниқроғи, номаълум қўл, эҳтимол, жаноб Питана бунга монелик қилиб қолди.

Ҳакамлик алоҳида мавзу. Финалда чиқарилган қарорлар ўз йўлига. Мундиалда эксперт бўлиб ишлаган «Special one» Жозе Моуринонинг фикрларига эътибор беринг:

“– Финалдаги пеналтидан кейин футбол чиндан ҳам мен ўйнаётган ўйинмикан деб ўйлаб қолдим, ахир ҳал қилувчи ўйинда бундай вазиятлар учун пеналти берилмайди! Бир сўз билан айтганда «ВАР» деб номланган тизим футбол жозибасини йўқотишга сабаб бўлди!”

bebohgm8ijh6kussh2wv.jpg

ВАР тизими аниқликни оширгани рост. Бироқ «МЮ» мураббийининг гапида жон бор. У ҳакамларга кўмак бериш учун қўлланилган эди. Финалда эса акси бўлиб чиқди. Тўп Хорватия футболчисининг қўлига тегди, бу рост. Аммо вазият пеналтига тортармиди? Мана шуниси муҳим? Перишичнинг ортида бирорта француз футболчиси йўқ, ўзи эса зарба берган футболчидан ярим метр нарида. Бунинг устида тўп дарвозага кириш ҳолати ҳам мавжуд эмас. Қўшимчасига финал, ҳисоб 1:1 бўлиб турган паллада сиз пеналти берармидингиз?

ruea72d4ae0e4.jpg

Афсонавий дарвозабон ва мундиал ўйинларини таҳлил этиб борган Питер Шмейхел ҳам мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

“ – Жаҳон чемпионати финали – жуда муҳим ўйин, аммо ҳакам уни бизлардан «ўғирлади». Унинг бутун бригадаси кўрсатган олдинги уч ўйиндаги энергиясини мана шу ўйинда йўққа чиқарди. Бу финал бунга лойиқ эмас.

Мен Хорватияга томошабинлар меҳри совринини топширган бўлар эдим. Хорватия барчани илҳомлантирди, қийин меҳнат билан натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиб берди!”

pzjezep8aw018ca8pupe.jpg

Бор айбни ҳакамга буриш, уни айбдор қилиш адолатдан эмас. Франциянинг тактик мукаммал ўйини ҳам мазкур ғалабанинг муҳим омили бўлди. Ярим финал ва финалдаги Франция аввалги беш ўйиндаги Франциядан тубдан фарқ қилди. Дешамнинг муҳим ўйинлар аввалида жамоаси ўйин схемасини тубдан ўзгартиргани, бу эса рақибларига кутилмаган ҳол бўлганини таъкидлаш жоиз. Франция ўзининг «олтин авлод»и билан 20 йиллик танаффусдан сўнг яна бир бор жаҳон чемпиони бўлди. Улар тарихдан жой олишди. Эллик-олтмиш йилдан сўнг мундиаллар тарихини ўқиётган ёш футбол ихлосмандлари мазкур мусобақада Хорватиянинг меҳнаткаш, жамоавий ўйинидан кўра чемпион Францияни кўпроқ эслайди, билади. Футболнинг аянчли қисмати бу. Хорватиянинг биз кўрган ўйини ҳақида уларга сўзлаб берганимизда ишонишлари қийин кечади. Ҳозирча эса Хорватиянинг кўз ёшларига Москва ишонди.

Зеро, «Москва кўз ёшларга ишонади!»

Шерзод Маҳмудов, ЎзА
11 529