ЎзА Ўзбек

11.02.2019 17:27 Чоп этиш версияси

Миржалол Қосимов шогирдларига ишонади

Миржалол Қосимов шогирдларига ишонади

Осиё Чемпионлар лигаси саралаш баҳслари доирасида ўтадиган АГМК – “Истиқлол” учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ҳамда ярим ҳимоячи Жасур Ҳасановлар иштирок этди. Унда даставвал Миржалол Қўшоқович ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Эртага АГМК жамоаси учун янги мавсум бошланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб ОЧЛда иштирок этадиган “Пахтакор” ва “Локомотив” клубларига ҳам омад тилайман. Эртага Олмалиқда мухлислар орзиқиб кутишаётган ўйин бўлиб ўтади. Бунга жамоамиз тайёр ва яхши ният билан майдонга чиқамиз. Эртага бизга осон бўлмайди, чунки ҳозир ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Бизда битта муаммо мавжуд – бу ҳам бўлса юртимизда ҳали мавсумнинг бошланмаганлигидир. Бироқ олдимизга ғалаба қозониш вазифаси қўйилган ва рақибни ҳурмат қилган ҳолда майдонга фақат ғалаба учун тушамиз.

ALM_2987-2208x1472.JPG

- Мураббийимиз таъкидлаб ўтганидек, мавсумга тайёргарлик яхши ўтди. Олдинда бизни жуда қийин ўйин кутиб турибди. Шунга қарамай “Истиқлол” билан бўладиган баҳсга 100 фоиз тайёрмиз ва эртага ўз мухлисларимизни хушнуд этамиз, деган умиддаман, - деди АГМК жамоаси сардори Жасур Ҳасанов.

- Эртанги ўйинда ғалаба қозониш учун нима муҳим роль ўйнайди?

- Жамоамиз таркиби 90 фоизга ўзгаргани учун аввало чизиқлар ўртасидаги боғламларни ўрнатишга интилдик. Авваломбор биз мухлислар учун ўйнаймиз ва майдонга чиққандан кейин ҳар бир футболчи охиригача курашади. Фақат мавсумнинг бошланиши бўлгани учун бизда амалиёт йўқ. Шунга қарамай битта ўйинга жиддий тайёрланиб, катта иштиёқ билан майдонга тушиш керак. Эртага шогирдларим майдоннинг ҳар бир қарич ери учун жонини жабборга бериб ўйнашса, бир-бирига ёрдам беришса ўйлайманки натижага ҳам эришамиз.

ALM_2986-2208x1472.JPG

- Жамоада барча чизиқлар сиз ўйлаган даражада кучайтирилдими?

- Ҳеч қачон мураббий таркибдан тўла қониқиш ҳосил қилмайди. Имкон қадар таркибни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Легионерларга келсак, улар ихтиёримизга бироз кечроқ келиб қўшилишди. Шу боис жамоага мослашиб кетиши учун ҳам вақт керак. Ҳозирча улар мавсумга тўлиқ тайёр эмас, қолаверса легионерларимиздан бири жароҳат олган. Бироқ мавсум узоқ давом этади, шу боис уларнинг жамоамизга фойдаси тегади.

- Таркибга кўплаб янги ўйинчилар таклиф этилган бўлса-да, жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган футболчи йўқ. Ушбу таркиб билан АГМК янги мавсумда “Локомотив” ва “Пахтакор” каби етакчи клубларимизга рақобат қила оладими?

- Гапингиз тўғри, аммо мен аввало жамоавий ўйинни биринчи ўринга қўяман. Негаки халқимизда “ёлғин отнинг чанги чиқмас”, деган нақл бор. Жамоани ортидан эргаштира оладиган футболчи – Месси бўлганида бошқа гап эди. Шу боис биз асосий эътиборни жамоавий ўйинга қаратганмиз. Селекция бир-икки кунда бўладиган жараён эмас. Аммо бу жараён йил бўйи давом этади. Тан олиш керак, бизда селекция ишларини олиб бориш учун бизда вақт кам бўлди. Лекин мен йигитларга ишонаман, улар майдонга чиқиб ўз мухлисларини хушнуд этишади.

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА​​
2 442