ЎзА Ўзбек

14.08.2018 12:56 Чоп этиш версияси

“Mir fight“ жамоаси ҳоким кубогини қўлга киритди

“Mir fight“ жамоаси ҳоким кубогини қўлга киритди

Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимлиги ва Ўзбекистон пенчак силат федерацияси Тошкент вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Зангиота ҳокими“ кубоги мусобақаси ўтказилди.

Мамлакатимизда ёшларни спортга жалб этиш ва улар ўртасида яккакураш турларини янада оммалаштириш мақсадида қатор мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, пенчак силат бўйича ташкил этилган “Зангиота ҳокими“ кубоги мусобақасида 160 нафар спортчи иштирок этди.

Мусобақада “Mir fight“, “Султонлар“, “Хўжа“, “Альфа“, “Mega sport“, “Қалқон“ спорт клублари билан биргаликда Шайхонтоҳур тумани 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаси ўзаро куч синашди.

Кубок баҳсларида Шоҳрух ва Шаҳзод Обиджонов, Беҳруз Юсупов, Алазиз Неъматуллаев, Забиҳуллоҳ ва Ҳожиакбар Ҳикматуллаев, Асадбек Мирҳайдаров, Ҳасан ва Ҳусан Азимжонов, Зулхумор Сайдуллаева, Диана Османова, Зулфия Ҳожимуродова, Нозима Комилбекова барча рақибларини енгиб, ғолибликни қўлга киритди.

– Мақсадимиз мамлакатимиз ёшларининг соғлом камол топиши учун замин яратиш ва истеъдодли спортчиларни саралашдир, – дейди Ўзбекистон пенчак силат федерацияси Тошкент вилояти бўлинмаси раиси Одилжон Норматов.

“Mir fight“ спорт клуби “Зангиота ҳокими“ кубоги соҳибига бўлди.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА
4 303