ЎзА Ўзбек

31.08.2019 Чоп этиш версияси

Миллий ва Олимпия термаларимиз йиғинда, ўсмирларимиздан ажойиб натижа, футзал ва аёллар футболига оид янгиликлар

Миллий ва Олимпия термаларимиз йиғинда, ўсмирларимиздан ажойиб натижа, футзал ва аёллар футболига оид янгиликлар

Хабарингиз бор, сентябрь ойида қитъамизда 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига иккинчи саралаш босқичи ўйинлари старт олади. Миллий терма жамоамиз саралаш учрашувларини “D” гуруҳида Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ҳамда Сингапур термаларига қарши ўтказади.

Терма жамоамизнинг саралашдаги илк ўйини сафарда Фаластинга қарши бўлиб ўтади. Эктор Купер бошчилигидаги терма жамоамиз мазкур учрашувга тайёргарлик доирасида 28 августдан пойтахтимизда йиғин бошлади. Айни пайтда жисмоний ва техник тайёргарлик бўйича машғулотларга зўр бераётган футболчиларимизнинг йиғини 3 сентябрга қадар давом этади.

Олимпия терма жамоамиз ҳам айни пайтда Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини олиб боряпти. Любинко Друлович бошқарувидаги олимпиячиларимиз мазкур йиғин доирасида 2 та ўртоқлик ўйини ўтказиши кўзда тутилган. Ҳар икки учрашувда ҳам футболчиларимизга Эрон олимпия терма жамоаси рақиб бўлади. Дастлабки учрашув 6 сентябрь куни Олмалиқ, иккинчиси эса 9 сентябрь санасида “Пахтакор” стадионида ўтказилади. Ҳар икки ўйин ҳам соат 19:00 да бошланади. Олимпиячиларимизнинг йиғини 10 сентябрга қадар давом этади.

photo_2019-08-31_13-44-22.jpg

Ўсмирлар (U-16) терма жамоамиз жорий йилнинг 16-22 сентябрь кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашида иштирок этишидан хабарингиз бор. Мазкур мусобақага тайёргарлик кўриш мақсадида Азамат Абдураимов шогирдлари бир қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушмоқда. Жумладан, 20-26 август кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтган “Star Way” номли Валентин Иванов хотира турнирида иштирок этди. Ёш футболчиларимиз аввалига сербиялик тенгдошларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди, сўнгра мезбонлар – Россия ўсмирлар термаси билан дуранг ўйнади (0:0). Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 2-ўринни қўлга киритди. Мусобақа ғолиблиги туркиялик футболчиларга насиб этди. Сербия 3-ўринни, мезбон Россия эса 4-поғонани банд этди.

Футзал бўйича терма жамоамиз айни пайтда Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ўтказилаётган“ Чкалов Кубоги” халқаро турнирида иштирок этмоқда. Мазкур мусобақа футзалчиларимизга шу йилнинг октябрь ойида бўладиган Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳсларига пухта ҳозирлик кўриш имконини бериши билан ҳам муҳимдир. Баҳодир Аҳмедов шогирдлари учинчи бор ташкил этилаётган мазкур турнирда Россия U-19 терма жамоаси, “Спартак” (Москва) ҳамда “Оргхим” (Нижний Новгород) футзал клубларига қарши баҳс олиб боради. Терма жамоамиз илк ўйинни “Оргхим“ клубига қарши ўтказди ва 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

photo_2019-08-31_13-44-27.jpg

27 августдан аёллар терма жамоамиз ҳам Тошкентда навбатдаги йиғинини бошлади. Баҳром Норсафаров шогирдлари йиғин давомида Ҳиндистон аёллар терма жамоаси билан икки бор халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилганди. Кеча мазкур режадаги ўйинларнинг дастлабкиси ўйналди. ФИФА рейтингида ҳисобга олинувчи мазкур ўйинларнинг биринчисида футболчи қизларимизнинг қўли баланд келди. Пойтахтдаги “Тўқимачи” стадионида ўтказилган ўйинда қизларимиз рақибларини йирик – 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Голларга Людмила Карачик, Мафтуна Шойимова, Нилуфар Қудратова, Умида Зоирова ва Ўғилой Қўчқоровалар муаллифлик қилди.

Йиғин 5 сентябргача давом этади. Шундан кейин термамиз 6-13 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳрида ўтказиладиган “Умид кубоги-2019” халқаро турнирда иштирок этиш учун сафарга отланади.

photo_2019-08-31_13-44-29.jpg

5 905
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА