ЎзА Ўзбек

30.07.2020 Чоп этиш версияси

Миллий терма жамоамиз 3-10 август кунлари Тошкентда йиғин ўтказади

Миллий терма жамоамиз 3-10 август кунлари Тошкентда йиғин ўтказади

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси октябрь ва ноябрь ойларида Жаҳон чемпионати-2022 ва Осиё Кубоги-2023 қўшма саралаш босқичидаги қолдирилган учрашувларини ўтказади.

Саралаш ўйинлари 8 октябрдан қайта старт берилади ва 17 ноябрь куни 2-босқич баҳсларига якун ясалади. 7-турни дам олиш сифатида ўтказиб юборадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралашдаги ўз юришини 13 октябрь куни Яманга қарши баҳс билан давом эттиради. Миллий жамоамиз 12 ноябрь куни ўз майдонида Сингапурни қабул қилса, 17 ноябрда бўлиб ўтадиган сўнгги тур баҳсида Саудия Арабистони меҳмони бўлади.

Мазкур ҳал қилувчи ўйинларга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида миллий термамиз 3-10 август оралиғида Тошкентда – «Бунёдкор» стадионида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.

futbol-milliy-terma (2).jpg

Йиғиндан аввал терма жамоа тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, машғулотлар ёпиқ тарзда ўтказилади.

Бош мураббийнинг дастабки рўйхатидан 32 нафар футболчи жой олганди. Бундан 13 нафарини «Пахтакор» аъзолари ташкил этганди. Булар Элдор Суюнов, Егор Кримес, Фарруҳ Сайфиев, Хожиакбар Алижонов, Анзур Исмоилов, Акрамжон Комилов, Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Аброр Исмоилов, Сардор Собирхўжаев, Одил Ҳамробеков, Жавоҳир Сидиқов ва Игор Сергеев.

Бироқ кеча олинган сўнгги тест натижаларига кўра ушбу футболчилар орасида коронавирус инфекцияси аниқланганлар борлиги маълум бўлди. Терма жамоа мураббийлар штаби бошқа ўйинчиларни соғлигини хавф остида қолдирмаслик мақсадида «Пахтакор» клуби вакилларини йиғинган жалб этмасликка қарор қилди.

futbol-milliy-terma (3).jpg

Шу сабабли, қуйидаги футболчилар миллий терма жамоамизнинг кейинги ҳафтадаги йиғинига келиб қўшилади:

Аббос Отахонов («Металлург»), Иброҳимҳалил Йўлдошев («Бунёдкор»), Искандар Шайқулов («Сўғдиёна»), Ҳожимат Эркинов (АГМК), Ойбек Рустамов («Қўқон-1912»), Аббосжон Ғуломов («Навбаҳор»), Қувондиқ Рўзиев («Қўқон-1912»), Жасур Ҳасанов («Соғдиёна»), Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

Маълумот ўрнида, терма жамоа шифокори барча клуб шифокорлари орқали чақирув олган футболчиларнинг соғлиги ҳақида мунтазам хабардор бўлиб турибди.

Шунингдек, мазкур йиғин аввалидан терма жамоа тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, машғулотлар ёпиқ тарзда ўтказилади.

Йиғинга жалб этилган номзодлар:

Дарвозабонлар: Александр Лобанов («Металлург»), Ўткир Юсупов («Навбаҳор»), Машҳур Муҳаммаджонов («Насаф»)

Ҳимоячилар: Шароф Муҳитдинов, Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Санжар Қодирқулов, Исломжон Қобилов, Дилшодбек Аҳмадалиев («Бунёдкор»), Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»), Игор Голбан («Навбаҳор»), Ҳусниддин Ғофуров («Сурхон»)

Ярим ҳимоячилар: Лутфулла Тўраев, Нурилло Тўхтасинов, Абдулла Абдуллаев («Бунёдкор»), Ойбек Бозоров, Ислом Кенжабоев («Насаф»), Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)

Ҳужумчилар: Бобур Абдуҳолиқов («Насаф»), Шаҳзод Убайдуллаев («Металлург»).

Бош мураббий - Вадим Абрамов

Мураббийлар - Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Денис Иванков

Шифокор - Аброр Пирриев.

Октябрь ва ноябрь ойларида ўтадиган ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари тақвими:

7-тур, 8 октябрь

Саудия Арабистони - Яман

Фаластин - Сингапур

8-тур, 13 октябрь

Цингапур - Саудия Арабистони

Яман - Ўзбекистон

9-тур, 12 ноябрь

Ўзбекистон - Сингапур

Саудия Арабистони - Фаластин

10-тур, 17 ноябрь

Фаластин – Яман

Саудия Арабистони – Ўзбекистон.

2 684
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА