ЎзА Ўзбек

10.01.2019 18:42 Чоп этиш версияси

Миллий стадион майсаси алмаштирилмоқда

Миллий стадион майсаси алмаштирилмоқда Бир неча йилдан буён “гуллаб, яшнаб” кета олмаётган стадион майсаси, ниҳоят, бутунлай алмаштириладиган бўлди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси ҳамкорлигида бошланган туб ислоҳотлар бир йилдаёқ ўз мевасини бера бошлагани ҳақиқат. Юртимиз футболининг янада оммавийлашишига, тараққий этишига ва жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишига эришиш учун катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш талаб этилаётганди. Шундай бўлди, бўляпти ҳам.

Ислоҳотларнинг дастлабки мавсумида асосий мақсад ички чемпионатимиз савиясини ошириш, стадионга мухлислар ташрифини кўпайтириш, шиддатли учрашувлар тақдим этувчи чемпионатни ташкил этишдан иборат эди. Озми-кўпми бунга эришилди ҳам. Стадионга келувчиларнинг ташрифи сезиларли равишда ошди, футбол учрашувини бевосита стадионда кузатувчилар учун барча шароитлар яратилди. Жамоалар майдонга ПФЛ байроғи остида кириб келиши, майдоннинг гир атрофи мусобақа ташкилотчилари ва ҳомийларининг белгиларини акс эттирувчи ранг-баранг баннерлар билан ўраб олиниши, ёш болалар ва оилалар учун махсус жойлар ташкил этилиши одатга айланди.

Бироқ, қанчалик эътибор қаратилмасин, талаб қилинмасин, айрим стадионларнинг майсаси ҳолати, айниқса, мавсум якунига келиб кўнгилларни хира қилгани ҳам бор гап. Шу боис ЎзПФЛ янги мавсумдан биринчи галда айнан майдон майсаларининг сифатига эътибор қаратмоқда. Профессионал футбол ташкилотининг жиддий талаби билан Қўқон, Наманган ва Андижонда аллақачон майдон майсаси бўйича қазиш, экиш ва парваришлар бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бошқа стадионларда ҳам заруратга қараб ишлар олиб борилмоқда.

Пойтахтдаги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ихтиёридаги “Миллий” (собиқ “Бунёдкор”) стадион йил давомида ҳам “Бунёдкор”, ҳам миллий терма, қолаверса, СAFA турнирлари ва яна бошқа спорт тадбирларига мезбонлик қилди. Йил охирига келиб эса майдон майсаси яхшигина “чарчади”. Ҳудудлардаги стадионларда иш бошланган бир пайтда ҳам “Миллий” стадион майсасининг “кайфияти хомуш” эди. Аслида стадион майсасининг яхши эмаслиги фақатгина сўнгги йилда кузатилаётгани йўқ. Гапнинг очиғи, стадион қурилгандан буён майсасига “ёлчимаяпти”. Ваҳоланки, майса бир неча бор алмаштирилди, антиқа уруғлар экиб кўрилди, барибир кутилган натижа юз бермади. Охирги марта маҳаллий маҳсулотга “мурожаат этилди” – ажриқ экилди. Натижасини кўрдик, ҳали кузнинг совуқ кунлари бошланмасидан ажриқ сарғайиб кетди.

Ниҳоят, куни кеча бу ерда бошқатдан иш бошланди. ЎФАнинг буюртмасига асосан “Насаф” клубига қарашли Қаршидаги “Марказий стадион майдонининг усталари кечадан ўз тажрибаларига суянган ҳолда ишга киришишди. ЎФА вакили Шуҳрат Сайдалиевнинг айтишича, майдонга четдан тайёр чим олиб келинаётган экан.

Айни пайтда майдоннинг чими 20-40 см. ўлчамида ўйиб олиниб (турли ўлчамдаги пластмасса қувурлардан иборат майдон дренажлари эса 50-60 см. чуқурликда жой олгани учун уста ва техника ҳайдовчисидан ҳушёрлик талаб этяпти) ташқарига олиб чиқиляпти. Чуқурлик ўрни махсус мосламалар, қум ва унумли тупроқ аралашмаси билан тўлдирилгач, устига чет элдан келтирилган тайёр табиий чим ётқизилади. Халқаро талабларда кўрсатилганидек, майдоннинг чеккасига нисбатан ўрта ҳудуди 20 см баландликда жойлашиши зарур. Шуҳратбек Суюнов раҳбарлигидаги усталар бу борада ҳам ўз маҳоратларини ишга солишга сўз беришяпти.

Бир сўз билан айтганда, барчамиз учун фахрга айланган, нафақат пойтахтимиз, балки мамлакатимизнинг бош футбол аренаси ҳисобланган “Миллий” стадиони янги мавсумда миллий ва бошқа терма жамоаларимизнинг бир қатор халқаро турнирларини қабул қилиши учун ўз мухлисларини “янги либос”да кутиб олишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.

photo5312330605180070679.jpg

photo5312330605180070680.jpg

photo5312330605180070681.jpg

photo5312330605180070682.jpg

photo5312330605180070684.jpg


2 890