ЎзА Ўзбек

31.10.2019 Чоп этиш версияси

Миллий гвардиячилар спортда фаол

Миллий гвардиячилар спортда фаол

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари, ходимлари ва “Динамо” ЖТСЖ спортчилари нафақат мамлакат миқёсидаги, балки халқаро майдонлардаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда.

Бугунги кунда халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўзининг асосий мақсади, деб билган ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилиб, жисмонан ва руҳан тобланган ҳарбий спортчиларимизнинг нуфузли мусобақалардаги ютуқлари барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Мамлакатимизда Миллий гвардия тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли жамият хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳар томонлама соғлом, чуқур билимга эга йигитлар сафи кенгаймоқда. Бу жараёнда “Динамо” ЖТСЖ юксак салоҳиятли ва истеъдодли ҳарбий спортчиларни тарбиялайдиган ҳаёт ва жасорат мактаби вазифасини ўтаяпти.

Бунинг самарасида, ҳарбий спортчиларимиз дунёнинг энг нуфузли мусобақаларида мамлакат шарафини янада юксалтирмоқда.

Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида 6-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 80 га яқин мамлакатдан келган 362 боксчи ўртасида ўзбек ўғлонлари 3 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Мазкур чемпионатда Миллий гвардия хизматчиси Баҳодир Жалолов олтин медаль билан тақдирланди ва чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси“ деб топилди, Бобо-Усмон Ботиров эса бронза медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, 16-25 октябрь кунлари Шанхай шаҳрида (Хитой) спортнинг ушу тури бўйича ўтган жаҳон чемпионатида дунёнинг 100 та мамлакатидан 600 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 3 бронза медални қўлга киритган бўлса, шулар қаторида Миллий гвардия спортчиси Дарья Латишева қилич билан таолу йўналиши бўйича бронза медалга сазовор бўлди.

Ҳар бир спортчи халқаро майдондаги ютуқларни қўлга киритишида мамлакат миқёсидаги мусобақаларда орттирган тажрибаси катта аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳам Миллий гвардия таркибидаги спортчилар Ўзбекистон чемпионатида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, 23-29 октябрь кунлари пойтахтимизнинг Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясига қарашли “Универсал” спорт саройида бокс бўйича 10 вазн тоифасида катталар ўртасида мамлакат биринчилигида ҳарбий спортчилар ҳам муносиб иштирок этди. Унда Жаҳонгир Раҳмонов, Шуҳрат Абдуллаев ўз вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, фахрли биринчи ўриндан жой олди.

Чемпионатда истеъдодли Мирзоҳид Абдуллаев кумуш, Саидазимхон Мамадаминов эса бронза медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, куни кеча Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг “Универсал” спорт саройида ўтказилган К-1 спорт тури бўйича халқаро очиқ турнирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси ходими Жаҳонгир Қодиров ўз вазн тоифасида тенгсиз эканини исботлади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий спортчиларига спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунга жавобан эса спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларида доимо ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб келмоқда.

2 755
Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА