ЎзА Ўзбек

14.12.2018 Чоп этиш версияси

Милан шаҳри қайғуда, “қизил-қоралар” ҳам плей-оффга чиқолмади

Милан шаҳри қайғуда, “қизил-қоралар” ҳам плей-оффга чиқолмади

Кеча Европа лигасида гуруҳ босқич ўйинлари якунланди. Пайшанба оқшомининг энг муҳим учрашувларидан бири Грецияда “Олимпиакос” ҳамда “Милан” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Ушбу ўйинда “қизил-қоралар”ни ҳатто минимал ҳисобдаги мағлубият ҳам қониқтирар эди. Греклардан эса аксинча, камида икки тўп фарқи билан ғалаба қозониш талаб этиларди. Буни тўғри англаган “Олимпиакос” жамоаси дастлабки дақиқалардан ҳужумга зўр берди. Бироқ, улар ўз мақсадига эришишлари учун роппа-роса бир соат тер тўкишди ва фақат 60-дақиқага келиб Папу Абе Сиссе майдон эгаларини олдинга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

7b5d2ea53cd87312aaaa9e8b68bc2cc1.jpg

70-дақиқада “Милан”нинг марказий ҳимоячиси Кристиан Сапата ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди – 2:0. Бу натижа “Олимпиакос”ни тўла қониқтирарди, лекин яна ўша Сапата катта саҳнага чиқди. Орадан икки дақиқа ўтиб у ўз айбини ювиб, ҳисобдаги фарқни минимал ва жамоаси учун қониқарли кўринишга келтирди. Лекин 80-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Игнасио Абате ўз жарима майдончаси ичида қоида бузди ва 11 метрлик жарима зарбасини Константинос Фортунис аниқ бажариб, “қизил-қоралар”нинг орзуларини чиппакка чиқарди. Қолган вақт оралиғида “Милан” вазиятни ўнглай олмади ва шу тариқа Женнаро Гаттузо шогирдлари Европа лигасидан чиқиб кетди.

Ҳа, ушбу ҳафта Милан шаҳри клублари учун оғир келди, негаки сешанба оқшомида “Интер” ҳам Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан четда қолганди. Демак, энди ҳар икки клуб бор эътиборини А Серияга қаратади, шекилли.

Кеча бўлиб ўтган гуруҳ босқичининг 6-тур ўйинларидан кейин қуйидаги жамоалар мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олишди: “Айнтрахт” (Франкфурт, Германия), “Арсенал” (Англия), “Байер” (Германия), “Бетис” (Испания), “Вильярреал” (Испания), “Генк” (Белгия), “Динамо” (Загреб, Хорватия), “Динамо” (Киев, Украина), “Зальцбург” (Австрия), “Зенит” (Россия), “Челси” (Англия), БАТЭ (Белорус), “Краснодар” (Россия), “Лацио” (Италия), “Мальмё” (Швеция), “Рапид” (Вена, Австрия), “Ренн” (Франция), “Славия” (Прага, Чехия), “Спортинг” (Португалия), “Севилья” (Испания), “Фенербахче” (Туркия), “Цюрих” (Швейцария), “Селтик” (Шотландия), “Олимпиакос” (Греция). Улар сафига ЧЛда омадсизликка учраган “Брюгге” (Белгия), “Виктория” (Чехия), “Валенсия” (Испания), “Галатасарой” (Туркия), “Шахтёр” (Украина), “Бенфика” (Португалия), “Интер” (Италия), “Наполи” (Италия) клублари қўшилишади ва баҳордан 1/16 финал босқичидан курашни давом эттиришади.

1 373
Отабек Эшмаматов, ЎзА