ЎзА Ўзбек

12.01.2019 17:52 Чоп этиш версияси

“Металлург” назорат ўйинида ғалаба қозонди

“Металлург” назорат ўйинида ғалаба қозонди

Хабарингиз бор, ҳозирда барча клублар янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Жумладан, Бекободнинг “Металлург” клуби ҳам.

Жамоа жорий мавсумда ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган ҳолда таркибини бир қатор маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтириб олмоқда. Тажрибали футболчи Сервер Жепаров, шунингдек, Камолиддин Тожиев, Шавкат Муллажонов, Музаффар Музаффаров каби чарм тўп усталари янги мавсумда бекободликлар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

e08ca667-9741-4340-9d2e-969de5f2a843.jpg

Бугун Тошкент вилояти Қибрай туманидаги марказий стадионда янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўраётган Суперлига вакиллари – “Металлург” ҳамда “Андижон” клублари ўртасида назорат-синов учрашуви бўлиб ўтди.

Бу мавсумолди дастлабки назорат ўйини бўлгани учунми “Металлург” мураббийлар штаби бир қатор етакчи футболчиларга дам берган ҳолда асосан ёшларни синаб кўрди. Ўйин бекободликларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Иккинчи таймда Исломбек Исоқжоновнинг ажойиб тўп оширишидан сўнг Станислав Андреев рақиб дарвозабони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва қийинчиликсиз дарвозани ишғол қилди – 1:0.

Шуни таъкидлаш керак, илк назорат ўйини бўлганлиги боис ҳар иккала жамоа кўплаб вазиятларни яратишган бўлса-да, бошқа гол киритилмади. “Металлург” биринчи ва иккинчи таймларда бошқа-бошқа таркиблар билан тўп сурди. Андижонлик мураббийлар ҳам таркибда бир қатор янги ва легионер ўйинчиларни синаб кўришди.

“Металлург”: К.Муҳаммедов, О.Абдумажидов, Х.Сатторов, Ф.Содиқов, Д.Ҳошимов, М.Исаев, Х.Зиёев, М.Ботиров, А.Тошқўзиев, Ш.Ғофурбеков, Б.Пардаев.

“Андижон”: Н.Рибкин, И.Маматказин, Д.Маматов, Р.Мельзитдинов, А.Хусинов, Ф.Бекмурадов, А.Олимов, С.Эрматов, Б.Акбаров, С.Сулаймонов, Одилов.

Гол: Станислав Андреев

ЎзА
2 228