ЎзА Ўзбек

26.01.2019 20:22 Чоп этиш версияси

Мавсум тараддуди: “Пахтакор” ва “Локомотив”да нима гап?

Мавсум тараддуди: “Пахтакор” ва “Локомотив”да нима гап?
Садриддин Абдуллаев

Шу кунларда мамлакатимиздаги барча футбол клублари янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Бу жараёндан нафақат суперлига, балки Про-лига иштирокчилари ҳам четда қолишаётгани йўқ. Қолаверса, жамоалар қишки трансфер ойнасида ўз таркибини кучайтиришга ҳам жиддий эътибор қаратишмоқда.

Мамлакатимиз вице-чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси ўз сафига эндиликда “Локомотив” клубининг собиқ аъзоси Садриддин Абдуллаевни қўшиб олганини маълум қилди. “Пахтакор” футбол мактабининг тарбияланувчиси 10 йиллик танаффусдан кейин яна қадрдон жамоасига қайтди. Ўз навбатида “шерлар” сафини жамоа легионери Исмоил Гонсалвеш тарк этди. Ўтган мавсум “Пахтакор” таркибида 16та гол урган футболчи суперлигада бразилиялик Тьяго Безеррадан кейин энг яхши тўпурарга айланганди. Дарвоқе, 12 февраль куни Чемпионлар лигаси саралаш босқичида Ироқнинг “Эйр Форс” жамоаси билан куч синашадиган “шерлар” бўлажак ўйинга тайёргарликнинг якуний босқичини БААда давом эттиришмоқда. Ушбу йиғин доирасида “Пахтакор” 28 январь куни Даниянинг “Брондбю” ҳамда 4 февраль санасида Швеция вакили “Эребро” клубларига қарши назорат-синов учрашувларида майдонга тушади.

“Локомотив” жамоаси эса Осиё кубогида ўзининг чиройли ва ишончли ўйинлари билан мухлислар ёқимтойига айланган ҳимоячи Даврон Ҳошимов билан келишувга эришди. Бундан ташқари клуб вакиллари Россияда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз Виталий Денисов ҳамда Вагиз Галиулинни она ватанига қайтариш мақсадида Россияга жўнаб кетишган ва айни пайтда томонлар ўртасида музокаралар давом этмоқда. Аммо жамоани айрим футболчилар тарк этишаётгани ҳам бор гап. Садриддин Абдуллаев ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Шунингдек клуб моҳир посбон Игнатий Нестеров билан ҳам хайрлашиши мумкин. Миллий терма жамоамизнинг асосий дарвозабони фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши кутилмоқда.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
14 450