ЎзА Ўзбек

10.01.2019 18:36 Чоп этиш версияси

Мавсум тараддуди: “Насаф” “лагерида” нима гап?

Мавсум тараддуди: “Насаф” “лагерида” нима гап? Жамоанинг аксарият футболчилари миллий ва олимпия термалари таркибида бўлгани учун йиғинда асосан ёшлар қатнашмоқда

Янги мавсумга тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетган. Кимдир ўз қароргоҳида, кимдир шароити қулай шаҳарларда шуғулланмоқда, ҳатто хорижга йўл олган клублар ҳам бор. Қаршининг “Насаф” жамоаси эса ўз қароргоҳида, тайёрлов гуруҳлари майдонида машғулот олиб боряпти. Жамоа аслида янги мавсумга тайёргарликни эски йилдан – 20 декабрдан бошлашни режалаштирган эди. Бироқ, жамоа қароргоҳида таъмирлаш ишлари кетаётганлиги, футболчиларнинг аксарияти терма жамоаларга жалб этилганлиги сабабли йиғин январь ойининг учинчи санасидан бошланди.

Айни пайтда машғулотларда аксарият футболчилар йўқ - Санжар Қувватов ва Одилжон Ҳамробеков миллий терма жамоа таркибида БААда ўтаётган Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилишмоқда, яна тўққиз нафар ўйинчи - Умиджон Эргашев, Машҳуржон Муҳаммаджонов, Шерзод Насруллаев, Дилшод Саитов, Шароф Муҳитдинов, Ислом Рашидхонов, Ислом Кенжабоев, Илҳом Алижонов ва Бобир Абдухолиқовлар олимпия терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинига таклиф этилган. Азизжон Ғаниев япониялик шифокорларнинг кўрсатмаси бўйича якка ўзи шуғулланмоқда.

Шунингдек, жамоадан кетганлар ҳам бор. Мақсуд Каримов ортда қолган мавсумда футболчилик фаолиятини расман якунлади, жамоанинг яна бир тажрибали вакили Сайдулла Раҳматов эса янги мавсумда ўз омадини АГМК клубида синаб кўриш истагини билдирди.

Шуғулланувчилар орасида янгилар ҳам йўқ эмас. Таркибини асосан клуб қошидаги футбол академияси тарбияланувчилари билан таъминлаб келган жамоа бу йил ҳам ўз академиясидан етишиб чиққан истеъдодларга умид билдиряпти. Шунингдек, “Андижон”дан келган Элбек Отақулов ҳам машғулотларда қатнашмоқда.

Жамоанинг мавсумга тайёргарлигининг дастлабки босқичи 16 январга қадар белгиланган. Шу куни қаршиликлар ўз майдонида Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси билан ўртоқлик учрашувида куч синашади. Жамоа режасида хориж сафари ҳам бор. Навбатдаги йиғинларнинг бирини 1-15 февраль кунлари Туркияда ташкил этишни кўзлашмоқда.



Ойбек Юнусов, ЎзА
1 762