ЎзА Ўзбек

26.01.2019 19:19 Чоп этиш версияси

Мавсум тараддуди: “Бунёдкор”да бир ғалаба ва бир дуранг

Мавсум тараддуди: “Бунёдкор”да бир ғалаба ва бир дуранг

Вадим Абрамов бошқарувига ўтган “Бунёдкор”ни бирин-кетин етакчи футболчилар тарк этишмоқда. Маълум бўлишича, шу кунгача жамоани ўтган йилги асосий таркибнинг 11 нафар аъзоси тарк этган. Чунончи, Суҳроб Султонов, Миржамол Қосимов, Мурод Тошматов, Дилшод Жўраев ва Мирғиёс Сулаймоновлар АГМК, Азиз Ҳайдаров ва Филипп Райевац “Локомотив”, Акром Комилов ва Сардор Собирхўжаев эса “Пахтакор”га ўтиб кетди. Шунингдек жамоанинг етакчи футболчиси Жавлон Иброҳимов ўз фаолиятини Жанубий Кореянинг “Сувон” жамоасида давом эттирадиган бўлди. Тез орада “Бунёдкор”ни марказий ҳимоячи Рустам Ашурматов ҳам тарк этиши тобора ойдинлашиб бормоқда.

Бироқ тажрибали Вадим Абрамов бундан унчалик ҳам ташвишга тушаётгани йўқ, негаки клуб академиясидан кўплаб истеъдодли ёшлар етишиб чиқмоқда ва “қалдирғочлар” бу мавсум асосан ўз тарбияланувчиларига таянишни мақсад қилган. Ҳозирда машғулотларга зўр бераётган Абрамов шогирдлари бугун иккита назорат-синов ўйинида майдонга тушди. Дастлаб асосий таркиб футболчилари “Бухоро” жамоаси билан куч синашди. Муросасиз кечган ўйинда томонлар муроса кўчасини танлашди. Шундан сўнг майдонда “Бунёдкор” ҳамда “Қўқон-1912” жамоаси ёшлари саф тортишди. Бу ўйинда ёш қалдирғочлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Nazorat-futbol (3).JPG

“Қалдирғочлар” 10 февралга қадар машғулотларни Тошкентда олиб боришади. Шу вақт оралиғида жамоа таркибига бир қатор янги футболчилар келиб қўшилиши мумкин. Сўнгра клуб аъзолари Туркияда 12 кунлик йиғин ташкил этишади. Мазкур йиғинда жамоа легионерларни ҳам кўрикдан ўтказишни режалаштирган.

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА​​
14 643