ЎзА Ўзбек

30.10.2012 14:25 Чоп этиш версияси

Мақсад – соғлом авлодни тарбиялаш

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак самаралар бермоқда.

Бунда ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг спортга қизиқишини янада ошириш, болалар ўртасида спортнинг оммавийлигини таъминлаш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2002 йилнинг 24 октябрида ташкил этилган Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси муҳим ўрин тутаётир.

Оролбўйида кейинги йилларда кўплаб замонавий болалар спорти иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. 2011 йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг манзилли дастури асосида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 15 объектда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ишларга жамғарма томонидан 6 миллиард 32 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бу иншоотлар 163 миллион 750 минг сўмликдан ортиқ спорт анжомлари билан таъминлангани ёш спортчиларга кенг имкониятлар очди.

Асосий эътибор қишлоқ ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлашга қаратилаётгани, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг бадиий гимнастика, стол тенниси ва спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ўз самарасини бермоқда.

Қанликўл туманида бир вақтнинг ўзида 400 дан ортиқ ўғил-қиз спортнинг 10 дан ортиқ тури билан шуғулланиш имконига эга бўлган болалар спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилиши ёш спортчиларга бир олам қувонч бағишлади. Шунингдек, намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган янги қишлоқларда, Қўнғирот туманидаги “Гулистон”, Кегейли туманидаги “Қизил уй”, Элликқалъа туманидаги “Ақчакўл”, Хўжайли туманидаги “Саманкўл”, Нукус туманидаги “Узункўл” овулларида замонавий болалар спорт майдончалари қурилиб битказилишида ҳам жамғарманинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Жамғарма ташаббуси билан ўтказилаётган турли мусобақалар умидли ёш спортчиларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини бермоқда. Қанликўл туманида спортнинг футбол, волейбол ва баскетбол турлари бўйича ҳудудий мусобақа ўтказилди. Унда мезбонлар билан бирга Мўйноқ, Шуманай туманлари жамоалари ўзаро куч синашди.

Кескин курашларга бой бўлган ушбу мусобақада футбол бўйича Мўйноқ тумани жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Волейбол бўйича ўғил болалар ўртасида Қўнғирот тумани, қизлар баҳсида Мўйноқ тумани жамоалари ғолиб бўлди.

Болалар спортига берилаётган бундай эътибор ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


ЎзА, А.Ортиқбоев
8 518