ЎзА Ўзбек

11.01.2019 11:31 Чоп этиш версияси

Маррей фаолиятини якунламоқчи

Маррей фаолиятини якунламоқчи

Жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси, британиялик Энди Маррей фаолиятини якунлашга тайёрланаётганини маълум қилди. Бироқ, сэр Эндининг айтишича, бу Уимблдон турниридан кечикмасдан содир бўлиши мумкин.

Маррейнинг бундай қарорга келишига сабаб, уни белидаги оғриқлар безовта қилмоқда. Шу туфайли у 2017 йилги Уимблдон турниридан буён расмий мусобақаларда кортга тушганича йўқ. Бир йил муқаддам эса жарроҳлик операцияга ётганди.

“Мен жамоам билан суҳбатлашдим ва уларга қарата, “бошқа бундай қилолмайман”, дедим. Мен аниқ муддатни белгилашим керак эди, чунки мен ўйнаётган эдим ва оғриқ қачон йўқолишини билмасдим. Натижада шундай қарор қабул қилишим кераклигини тушуниб етдим. Мен жамоага Уимблдон турниригача чидашим мумкинлигини айтдим. Фаолиятимни ўз ватанимда ҳамда мен учун қадрли мусобақада тугатишни хоҳлайман. Аммо, бунгача етиб боришимга амин эмасман”, - деди Маррей матбуотга берган интервьюсида.

Британиялик машҳур теннисчи фаолияти давомида “Катта дубулға” туркумига кирувчи учта мусобақада (2017 йилги АҚШ очиқ чемпионати ҳамда 2013 ва 2016 йиллардаги Уимблдон турнирлари) ғалаба қозонган. Бундан ташқари у Олимпия ўйинларининг теннис мусобақаси яккалик баҳсларида икки марта ғолиб чиққан (Лондон-2012 ҳамда Рио-2016) жаҳондаги ягона ракетка устаси саналади. Умуман, у АТР таснифига кирувчи 45та турнирда бош совринни қўлга киритган.

2016 йилда сэр Энди Маррей жаҳоннинг биринчи рақамли теннисчисига айланган ҳамда мавсумни ҳам 1-ўринда тугатган эди. Начора, катта теннисни буюк спортчи тарк этмоқда...

Отабек Эшмаматов, ЎзА
2 362