ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Мариус Визер Тошкентда

Мариус Визер Тошкентда

Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер спортимиз тарихида биринчи маротаба 2021 йили катталар ўртасида дзюдо бўйича мамлакатимизда ўтиши кутилаётган жаҳон чемпионати ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш мақсадида Тошкентга келди.

Мамлакатимизнинг барча шаҳару қишлоқларида бунёд этилган спорт мажмуаларида болалар ва ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Малакали устоз ва мураббийлар кўмагида катта спортга қадам қўймоқда. Профессионал атлетларимиз замонавий ўқув-машғулот базаларида илғор услублар асосида маҳоратларини ошириб бормоқда. Юртимизда Олимпия спорт турлари, жумладан, дзюдо ҳам жадал ривожланиб, спортчиларимиз халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда. 

Ўзбекистон нафақат истеъдодли полвонларни тарбиялаш, балки дзюдо бўйича халқаро мусобақаларни юксак савияда ўтказиш борасида ҳам довруғ қозонган. Ўтган йиллар давомида мазкур спорт тури бўйича бир неча халқаро турнирлар, Гран-при мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда. 

Мариус Визер дзюдо спортини Ўзбекистонда янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, янги меморандум ва келишувларни имзолаши кутилмоқда. Шунингдек, 2021 йили Тошкентда ўтиши кутилаётган жаҳон чемпионати учун яратилаётган шарт-шароитлар билан танишади. 

6 093
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА