ЎзА Ўзбек

06.09.2019 Чоп этиш версияси

Мардлик майдонидаги баҳс

Мардлик майдонидаги баҳс


6 сентябрь – Ўзбекистонда Кураш миллий спорт тури куни

...Узоқ-узоқларгача "кўк кўрпа" тўшалган адир бағри одамлар билан гавжум. Бир томонда ўлан-у лапарлар авжида, бир томонда шодон қийқириқлар билан турли халқ ўйинлари ўйналмоқда. Осмон тоқига қўйилган икки устунга тортилган ипда дорбоз бамисоли рақс тушаяпти, полвонлар тош кўтариб, маҳоратини намойиш этаяпти.

Ёшу қари чордона қуриб ўтирган мана бу давранинг файзи тамоман ўзгача. Ўртага тўшалган гилам устида эгнига оқ яктак кийиб, белига белбоғ боғлаган икки полвон ўзаро куч синашмоқда. Бахшининг мардликни мадҳ этувчи қўшиғи дўмбира садолари остида баҳснинг шиддатига ҳамоҳанг бўлиб, кенг далалар узра таралмоқда. Кексалар полвонларни "яшавор, баракалла, отангга раҳмат" деб алқамоқда, болакайлар нигоҳи ҳавас, ҳаяжон ва ҳайратга тўла. Ҳар замонда даврадан "чала", "ёнбош", "ҳалол" деган ҳайқириқлар эшитилади...

Ўзбекнинг байраму тўйларига мана шундай шукуҳ, янада кўтаринкилик, жўшқинлик олиб кираётган, алп ўғлонларни паҳлавон, полвон мартабаси билан сийлаб келаётган бу баҳс, шубҳасиз, миллий курашдир.

Ўтмиши узоқ, таърифи узун

Кураш миллий-маданий меросимизнинг ажралмас бир қисми, олижаноблик, мардлик, жасурликни тарғиб этувчи миллий қадриятимиздир. Унинг ўтмиши узоқ, таърифи узун. Қарийб 3500 йиллик тарих уни авлоддан авлодга мерос қилиб келмоқда.

Курашнинг маъноси, мазмун-моҳияти ҳалол усул билан мақсадга эришиш саналади. Шу сабабли бу беллашув ҳалоллик, ориятни ҳамиша баланд тутган она халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Азалдан тўйлар, сайиллар ва бошқа байрамлар курашсиз ўтмаган. Унга инсонни кучли, эпчил, чидамли ва иродали қилиб тарбиялаш воситаларидан бири сифатида қаралган. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур даврида кураш аскарларнинг ҳарбий ва жисмоний тайёргарлигини оширишнинг асосий усулларидан бири бўлган.

Ота-боболаримиз ҳар бир йигитнинг кураш сирларини пухта эгаллашига катта эътибор қаратган. Кураги ерга тегмаган полвон эл орасида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган.

Тарих гувоҳлик беришича, қадимда қизлар куёвни шарт қўйиш йўли билан танлаган ва бу шарт орасида, албатта, кураш мусобақаси ҳам бўлган. Ўзбек халқ қаҳрамонлик достони – "Алпомиш"даги Барчиннинг шартлари ҳам бунинг исботидир.

Кураш ёш танламайди

Кураш кишига шундай куч-ғайрат, шижоат берадики, ёш ўтиб борса ҳамки, унинг қизғин баҳсларидан ҳатто етмиш-саксонни қоралаган отахонлар шунчаки кўнгил узолмайди. Билаги кучга, бели қувватга тўлган ёшлик чоғларини ёдга олиб, майдонга тушади, курашга киришади. Етмиш ёшни қарши олаётган сурхондарёлик Нусрат бобо курашдан толмайдиган ана шундай кексаларимиздан. Шунинг учун унинг исмига "полвон" нисбатини қўшиб айтишади.

– Умрида кураш тушиб, баҳс бойламаган ўзбек йигити бўлмаса керак, – дейди у. – Ўғлонларимиз болаликданоқ унинг гашти билан улғаяди. Бу хислат бизга боболардан мерос. Мен ҳам 12 ёшимдан гиламга тушганман. Курашда ор-номус, шаън ҳимояси учун беллашилади. Мард майдонда синалади, деган нақл айнан курашга хос.

Халқ ўйини спорт турига айланди

Кураш қадимда халқимизда анъанавий маросим ва байрамларда миллий ўйин шаклида мавжуд бўлган, холос. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан курашни алоҳида спорт турига айлантириш ва уни халқаро майдонда ривожлантиришга астойдил бел боғланди.

Дзюдо ва самбо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, бир неча бор собиқ иттифоқ чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби Комил Юсупов халқаро спорт талабларига тўлақонли жавоб берадиган Курашнинг замонавий спорт қонун-қоидаларини ишлаб чиқди. Кураш либоси, вазн тоифалари, мусобақаларни ташкил этиш тизими яратилди. Бу қоидалар 1991 йилнинг 17 сентябрида “Спорт” газетасида “Ўз тилимиз, ўз курашимиз бор” номли мақола остида чоп этилди.

1991-1998 йиллар мобайнида Осиё, Европа, Америка, Африка қитъаларининг қатор давлатларида курашни халқаро спортга айлантириш мақсадида унинг қонун-қоидалари тарғиб қилинди ва бу ҳаракатлар жаҳон спорт жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланди.

1998 йил 6 сентябрь куни Тошкентда дунёнинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Халқаро кураш ассоциациясига асос солинди. Ассоциация Низоми ва курашнинг қонун-қоидаси тасдиқланди, бошқарув органи сайланди.

Ўзбекистон кураш федерациясидан маълум қилишларича, ўтган қисқа даврда жаҳоннинг 135 га яқин мамлакатида кураш федерациялари фаолияти йўлга қўйилди. Айни кунгача турли давлатларда ўн беш марта Халқаро кураш ассоциациясининг конгресси ва ҳар йили камида икки марта ижроқўм йиғилиши ўтказилди. Уларда Ўзбек курашини оммалаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон, Туркия, Венгрия, Арманистон, Мўғулистон, Украина ва Эрон давлатларида катталар ўртасида ўн бир марта жаҳон чемпионати ўтказилди. 2000-2018 йиллар мобайнида Россия, Ўзбекистон, Доминикан Республикаси, Эрон, Ҳиндистон ва Туркия мамлакатларида ёшлар ўртасида тўққиз бор, фахрийлар ўртасида тўрт марта жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳар йили Пан Америка, Осиё, Европа, Африка ва Океания қитъавий чемпионатлари ўтказиб келинмоқда. Буюк Британия, Греция, Туркия, Эрон, Украина, Россия, Франция, Мозамбик, Жанубий Африка Республикаси, Афғонистон, Боливия каби дунёнинг бир нечта мамлакатларида 300 дан зиёд турли даражадаги халқаро турнирлар ташкил этиляпти.

– Курашнинг халқаро спорт майдонига чиқиши миллионлаб ёшларнинг ғолибликка эришиш орзуси ушалишига туртки бўлди, – дейди Ўзбекистон кураш федерацияси бош котиби Аббос Тўйчибоев. – Масалан, дзюдо бўйича Европа чемпиони, олимпиада ўйинлари иштирокчиси, туркиялик Селим Татар ўғли жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиларди. Бироқ у якка кураш спорт турларининг биронтасида бундай бахтга сазовор бўла олмади. Кураш уни кўп йиллик мақсадига етказди. 2002 йилги жаҳон чемпионатида С.Татар ўғли ғолиблик нашидасини сурди. Ўша жаҳон чемпионатида туркиялик спортчи журналистларга берган интервьюсида “бундай жозибали спорт турини халқаро майдонга олиб чиққан халққа таъзим қиламан. Чунки кураш бўлмаганда жаҳон чемпиони бўлиш мен учун армон бўлиб қоларди”, деган эди. Худди шунингдек, 2004 йилги Афина олимпиадасининг дзюдо беллашувлари ғолиби грециялик Илья Ильядис журналистларнинг “Олимпиада ўйинларида ғолибликка қандай эришдингиз?, деган саволига “Мен кураш билан шуғулланиб, унинг бетакрор усулларини ўзлаштирганим учун ҳам Бош совринни қўлга киритдим”, дея таъкидлаган эди.

Яна бир эътиборли томони, юзлаб хорижлик спортчилар миллий кураш спорт турига меҳр қўйди. Улар юртимизда кураш бўйича ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Амир Темур, ал-Ҳаким ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, ал-Фарғоний каби улуғ аждодларимиз хотира турнирларида иштирок этяпти, совриндор бўляпти. Рақамларга мурожаат қилсак: 1992 йилдан бери ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Амир Темур халқаро турнирида 150 га яқин мамлакатдан 1000 нафарга яқин спортчи қатнашиб, 100 нафардан зиёди турли даражадаги совринли ўринларни эгаллаган. Бу 100 га яқин мамлакатнинг шунча оиласи бугун ҳам Ўзбекистонни меҳр билан эслайди, дегани.

Кураш тарихида илк бор

Курашни ёзги Олимпия ўйинларига киритиш халқимизнинг орзуси. 2005 йил май ойида Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ўзбек спортини жаҳонда оммалаштириш, уни олимпия ўйинлари доирасига кўтариш масаласида ХОҚ мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Учрашувдаги келишувга биноан 2005-2006 йиллари Лозанна шаҳридаги “Олимпия” музейида миллий спортимизнинг тарихи, ватани, ривожланиш тизимига бағишланган бир йиллик кураш кўргазмаси ўтказилди.

Кичик олимпиада ўйинлари номини олган Осиё ўйинлари саҳнасига кураш 2002 йили кўтарилди. Шу йили Пусанда ўтган ёзги Осиё ўйинларида кўргазмали чиқиш амалга оширилган бўлса, 2003 йили ООК Низомининг 59-бандига ўзгартириш киритилиб, кураш Осиё спорти, дея тан олинди. 2006 йилнинг декабрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳридаги 15- ёзги Осиё ўйинларида, 2007 йил ноябрда Макаодаги ёпиқ иншоотлардаги 2-Осиё ўйинларида, 2009 йили Вьетнамнинг Ханой шаҳрида бўлиб ўтган ёпиқ иншоотлардаги 3-Осиё ўйинлари ва Таиландда яккакурашлар бўйича ўтказилган Осиё ўйинларида кураш мусобақалари бўлиб ўтди.

– Хабарингиз бор, ёпиқ спорт иншоотларида ҳамда жанговар санъат турлари бўйича қитъа ўйинлари алоҳида-алоҳида ўтказилиб келинар эди, – дейди Аббос Тўйчибоев. – Осиё олимпия кенгашининг қарорига кўра, улар умумлаштирилиб, 40 га яқин спорт турлари орасидан 9 таси овоз бериш йўли билан ёпиқ иншоотлардаги ўйинларга киритилди. Қувонарли томони, Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган Осиё олимпия кенгашининг ХХХ юбилей Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2013 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ёпиқ спорт иншоотларида ва жанговар санъат турлари бўйича IV Осиё ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаганлиги эълон қилинди.

Бугун – муҳим сана

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 октябрдаги «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори курашнинг қадри ва аҳамиятини янада оширди. Ушбу қарорга кўра, Халқаро кураш ассоциацияси ташкил топган сана – 6 сентябрь Ўзбекистонда Кураш миллий спорт тури куни, деб эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, ушбу спорт тури “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига киритилди. Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида “Кураш” миллий спорт тури маркази” ННТ ташкил этилди.

Кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш тартиби жорий этилди.

Спортчиларимиз ҳам бундай юксак эътиборга ўз зафарлари билан муносиб жавоб бермоқда. Жумладан, 2017 йил Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида Кураш ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Айнан Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида мамлакатимиз полвонлари 8 та (7 та олтин ва 1 та бронза) медални қўлга киритди.

2018 йил Индонезияда ўтказилган ХVIII ёзги Осиё ўйинларида эса юртимиз спортчилари 12 та медалга (6 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза), Кореянинг Шинджу шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақаларида эса терма жамоамиз 13 та медалга (9 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза) сазовор бўлди.

Энг муҳими, миллий кураш бокс, шахмат, теннис, дзюдо, каратэ каби спорт турлари қаторида жаҳонда ўз ўрнига эга бўлди. «Кураш», «ҳалол», «таъзим», «тўхта», «ёнбош» каби соф ўзбекона сўзлар халқаро спорт атамалари луғатидан ўрин эгаллади. Ўнлаб мамлакатларда кураш турнирларига асос солинди. Миллати, тили, эътиқоди турлича бўлган юзлаб, минглаб спортчилар ўзбекнинг фахри, ғурури – курашга ошно бўлди. Ўғлонларимиз полвон бўлиб ном таратяпти, ютуқларга эришяпти ва бу, шубҳасиз, бардавом. Энг катта шараф, ҳақиқий ғалаба шу аслида!


2 371
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА