Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2018 12:49 Чоп этиш версияси

"Мақсадим – Осиё ўйинларида чемпион бўлиш!"

"Мақсадим – Осиё ўйинларида чемпион бўлиш!"

Жорий йилнинг 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.

Унда 232 ҳамюртимиз спортнинг 30 тури бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Истеъдодли ёш спортчилардан бири – теннис бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сабина Шарипова саккиз ёшида теннис тўгарагига борди. Галина Супруновадан тенниснинг илк сирларини ўрганди. Мазкур спорт тури билан жиддий шуғулланиб, нуфузли турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилди.

Сабина шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда тобланди. Ўн тўрт ёшида Ўзбекистон терма жамоасига қабул қилинди.

Халқаро теннис федерациясининг (ITF) ўн олти ёшгача бўлган теннисчи қизлар рейтингида 12-поғонагача кўтарилди. “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Australian opеn” турнирининг ўсмирлар ўртасидаги баҳсларида чорак финалга қадар етиб борди. Ўн беш ёшида пойтахтимизда Халқаро хотин-қизлар теннис уюшмаси (WTA) томонидан ўтказиладиган “Tashkent Open” турнирида илк бора иштирок этди.

4.jpg

Сабина нуфузли мусобақаларда ўз иқтидорини намоён этди. Халқаро майдондаги илк совринни 2010 йили Малайзиянинг Кучин шаҳрида ўтган турнирда қўлга киритди. 2012 йили Андижонда ўтган нуфузли мусобақада шоҳсупага кўтарилди.

2013 йилда Қаршида Халқаро теннис федерацияси мусобақалар тақвимидан жой олган икки нуфузли турнирда зафар қучган Сабина ўша йили Қозоғистондаги мусобақада ҳам ғалаба қозонди. 2016 йилда ITF томонидан Ўзбекистон, Ҳиндистон, Хитойда ўтган мусобақаларда бош совринни қўлга киритган.

Истеъдодли теннисчимиз жорий йилги спорт мавсумида ўз олдига улкан мақсадлар қўйган. У Туркия ва Ўзбекистонда ўтказилган нуфузли турнирларда ғалаба қозонди ва “Катта дубулға“ туркумига кирувчи “Ролан Гаррос“ ҳамда “Уимблдон“ турнирларида муносиб иштирок этди.

– Осиё ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш катта бахт, – дейди С.Шарипова. – Қитъамизнинг энг кучли теннисчилари жам бўладиган бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Биз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини дунёга яна бир бор намоён этишни мақсад қилганмиз.

Ж.Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА
7 860