ЎзА Ўзбек

13.05.2020 Чоп этиш версияси

"Маҳоратли спортчиларга ҳавас қилардим..."

"Маҳоратли спортчиларга ҳавас қилардим..."
Паралимпия

Пандемия шароитида ҳам фарғоналик спортчилар салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда. Азизбек Ибрагимов Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХVI Паралимпия ўйинларида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Болаликнинг шўх дамлари етти ёшли болакай ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Темир йўлда ҳаракатланиб кетаётган поездга осилиб ҳалокатга учради, икки ёғидан ажралди. Аммо тушкунликка тушмади, ҳаётга бўлган умидини узмади. Зиёли оилада камолга етган Азизбек ҳамиша яқинлари, устоз, дўст-биродарлари меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб яшамоқда, ундан куч-қувват олмоқда. Ёшлик чоғидаёқ ҳаракатчанлиги, спорт машқларини тез ўзлаштириб олиш қобилияти, иштиёқи билан бошқа тенгқурларидан ажралиб турарди. Унинг бу борадаги қизиқиш ва интилишларини сезган Илҳомжон ака ўғлига турли спорт машқларини бажариш учун шароит яратиб берди. Шу тариқа енгил ва оғир атлетика, параўқотиш спорт турларида вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда бир неча бор ғолиб бўлди, мамлакат паралимпия терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди, спорт устаси деган шарафли номга сазовор бўлди.

– Катта спортга кириб келган илк кунлар, ҳаяжонли дамлар, машғулотлар жараёнида кечган ўзига хос қийинчиликлар ҳануз ёдимда, – дейди Азизбек. – Бу ердаги тенгқурларим, катта ёшдаги спортчилар ҳаракати, маҳоратларини кўриб ҳавасим келарди, улардек бўлишга интилардим. Шу сабабли машғулотларга тез кўникиб кетганман. Вақт топдим дегунча мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спорт мактабига борардим. Оиламдагилар менинг интилишим, изланишларимни ҳамиша қўллаб-қувватлаб ҳар жиҳатдан амалий ёрдам берган, янги марралар сари руҳлантириб турган.

Ҳар қандай спорт турида муваффақият қозониш учун орзу-ҳаваснинг ўзи камлик қилади. У меҳнат ва изланиш, тинимсиз машғулот, устозлар ўгит-маслаҳатларининг маҳсули. Бу тамойилга амал қилиб иш тутган спортчи, бир неча йилдирки нуфузли халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Польшада бўлиб ўтган Халқаро гран-при турнирда спортнинг параўқотиш турида кумуш медални қўлга киритди. 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган 3-Параосиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этди. 2019 йилда Австралияда бўлиб ўтган нуфузли халқаро мусобақа ғолиблари сафидан жой олди. Бу зафарли одим иқтидорли спортчига 2021 йилда бўлиб ўтадиган Паралимпия мусобақалари йўлланмасини тақдим этди.

– Азизбек бошқа спортчи ёшлардан ҳаракатчанлиги, ўз мақсади йўлида ҳар қандай қийинчиликларга чидамлилиги, ўқув-машқларга ижодий ёндашиши, изланиши, иродасининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради, – дейди спорт мураббийи Наталья Ефимова. – Шу боис машғулотларни ўтказиш, белгиланган марралар сари қадам ташлаш осон кечади. Бошқа спортчилар билан тез дўстлаша олиши, яхши хулқ-атвори, жамоадаги аҳиллик, иноқлик, ҳамжиҳатлик ришталарини боғлашда фаоллиги билан ҳам кўпнинг ҳурмат-эътиборини қозонган.

Параўқотиш спорт тури билан шуғулланиш бир қараганда оддий жараёндек кўринади. Аммо мустаҳкам жисмоний тайёргарлик, ишонч ва мақсадсиз бу вазифани уддалаб бўлмайди. Айтишларича, бу спорт тури аниқ ҳаракат, ҳисоб-китоб билан ишлашни талаб қилади. Озгина эътиборсизлик, шошма-шошарлик катта хатоликлар келиб чиқишига асос бўлади.

Ҳар қандай ғалаба ортида машаққатли меҳнат, интилиш, яратиб берилган имкониятдан самарали фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Айни кунларда карантин талаблари қоидаларига риоя қилиб ўз хонадонида мураббийлар кўмагида масофавий ўқув-машғулотларга зўр бераётган спортчи йигитнинг ғалабали одимлари янада бардавом бўлаверсин.

2 764
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА