ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Маҳалланинг ёш футболчилари

Маҳалланинг ёш футболчилари

Урганч шаҳрида футбол бўйича “Футболимиз келажаги” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Мусобақанинг вилоят босқичида туман (шаҳар)лар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 12 та маҳалла жамоалари, жами 124 нафар ёш иштирок этди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Жисмоний тарбия ва спорт, Маданият, Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа уч ёш тоифасида 9-10, 11-12 ёшли болалар ҳамда 13-14 ёшдаги ўсмирлар ўртасида ўтказилди.

Қизиқарли кечган 9-10 ёшли болалар ўртасидаги баҳсларда Хива туманидаги Ал-Хоразмий номидаги маҳалла жамоаси биринчи, Урганч шаҳри Олимпия маҳалласи жамоаси иккинчи, Ҳазорасп тумани Муҳомон маҳалласи жамоаси учинчи ўринни, 11-12 ёшли болалар ўртасидаги баҳсларда Гурлан тумани Навбаҳор маҳалласи жамоаси биринчи, Урганч тумани Мергановул маҳалласи жамоаси иккинчи, Хива шаҳар Гиламчилар маҳалласи жамоаси учинчи ўринни, 13-14 ёшдаги ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда Хонқа тумани Гулғунча маҳалласи жамоаси биринчи, Шовот тумани Ипакчи маҳалласи жамоаси иккинчи, Янгибозор тумани Дўстлик маҳалласи жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

– Маҳалламиз жамоаси ушбу мусобақаларга жуда қаттиқ тайёргарлик кўрди, – дейди Хонқа тумани “Ал-Хоразмий“ МФЙ жамоаси вакили Хурсанд Йўлдошев. – Эндиликда ўз кучимизни мусобақанинг мамлакат босқичида синаб кўрамиз. Мақсадимиз кўпроқ дўст орттиришдир.

Мусобақа якунида ғолибликни қўлга киритган ва фаол иштирок этган иштирокчилар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг эсдалик совғалари, диплом ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

2 178
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА