ЎзА Ўзбек

24.07.2019 Чоп этиш версияси

“Локомотив” ўз сафига 6 нафар янги футболчини қўшиб олди

“Локомотив” ўз сафига 6 нафар янги футболчини қўшиб олди

Бугун “Локомотив” жамоаси Ўзбекистон суперлигасининг 2-давра ўйинлари олдидан ўз таркибига қўшиб олган янги футболчиларини кенг оммага таништирди. Бу ҳақда клуб расмий сайти маълум қилди.

Давралар оралиғида темирйўлчилар ўз таркибига олти нафар янги футболчини қўшиб олди. Булар – Остон Ўрунов, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов, Иброҳим Ғанихонов, Тохир Рафаэлов каби ёш ва иқтидорли футболчилар ҳамда никарагуалик легионер Ариагнер Медина Смитлардир.

Таништирув маросимида клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов иштирок этди. Янги футболчилардан Жавоҳир Эсонқулов тиббий кўрикдан ўтаётгани сабабли матбуот анжуманида қатнашолмади.

- Жамоамиз одатда ёзги танаффус вақтида хорижда йиғин ўтказарди. Аммо бу сафарги давралар оралиғи анча қисқа бўлгани, шунингдек, асосий футболчиларимизнинг кўпчилиги январь ойидан буён дам олмагани туфайли ўз қароргоҳимизда йиғин ўтказишга қарор қилдик. Йиғин давомида ўтказилган бир неча ўртоқлик ўйинларида мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишди. Жамоамизни Филипп Раевац, Азизбек Ҳайдаров ва Ҳусниддин Ғофуровлар тарк этди. Уларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдиришга қарор қилдик. Мураббийлар штаби билан келишиб жамоани ёшартиришга, яъни тажриба ва ёшликни мужассамлаштиришга ҳаракат қилдик. Эътибор берган бўлсангиз, янги олинган футболчилар асосан ёшлар. Остон Ўрунов 2000 йилда туғилган. Унинг қандай имкониятларга эгалигини барча кўриб бўлди. Шунингдек, ёш ва умидли футболчимиз Тохир Рафаэлов 2002 йилда туғилган ва у илк марта профессионал клуб билан шартнома имзоламоқда. Иброҳим Ғанихонов ҳам эндигина 19 ёшга кирди. Никарагуалик Ариагнер Смит Медина 20 ёшга тўлган. Бу каби ёшлар орқали жамоамизнинг пойдеворини янада мустаҳкамлаб олишимизга ишонаман. Шунингдек, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов каби тажрибали футболчилар ҳам жамоамиз кучига куч қўшади, - деди Тўлабек Акрамов.

Шундан сўнг янги футболчиларга “Локомотив” клубининг либослари тақдим этилди. Унга кўра Остон Ўрунов – 6, Жавоҳир Соҳибов – 15, Ариагнер Медина Смит – 22, Тохир Рафаэлов – 40, Иброҳим Ғанихонов – 18, Жавоҳир Эсонқулов – 21-рақамларда ўйнайдиган бўлди.

- Ўтган йили ҳам “Локомотив”дан таклиф тушган эди. Аммо ўшанда трансфер амалга ошмаганди. Шундан кейин “Навбаҳор”да 6 ой ўйнаб, “Локомотив”га ўтишга қарор қилдим. “Навбаҳор” жамоасидан кетишим осон бўлмади. Клуб раҳбарияти ва мухлисларга раҳмат айтаман. Келажакда ўсишга эришиб Европа чемпионатларига кетишни истайман. “Локомотив” бу йўлда трамплин вазифасини бажара оладиган клублардан бири, - деди Остон Ўрунов “темирйўлчилар” жамоаси сафига кўчиб ўтиш қарорига изоҳ бераркан.

Эслатиб ўтамиз, “Локомотив” жамоаси Ўзбекистон суперлигасининг 14-тур ўйинлари доирасида 26 июль куни Жиззахда “Сўғдиёна” меҳмони бўлади.

6 746
ЎзА