ЎзА Ўзбек

31.07.2019 09:50:22 Чоп этиш версияси

“Локомотив”дан қийин, “Пахтакор”дан эса йирик ғалаба


Кеча Ўзбекистон суперлигасида 15-тур ўйинларига старт берилди

Ўзбекистон суперлигасининг 15-тур ўйинларига Қўқонда старт берилди. Унда мезбон “Қўқон-1912” жамоаси Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди.

Қўқонликлар ҳозирда жадвалнинг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди. Уларга ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Аммо, давралар оралиғида ўз таркибини маҳоратли футболчилар ҳисобига кучайтирган Улуғбек Бақоев шогирдлари Қўқонга шунчаки келмаганлигини амалда исботлашди. Уларнинг илк ҳужуми гол билан якунланди, Иван Нагаев меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Кўп ўтмай майдон эгалари 11 метрлик жаримадан мувозанатни тиклади. Белгиланган жаримани Мурод Холмуҳамедов аниқ амалга оширди. Кўпчилик энди қўқонликлар вазиятни ўнглашига умид қилиб турган бир паллада Кахи Махарадзе “Сўғдиёна”ни яна олдинга олиб чиқди. Ушбу гол ўйин тақдирини ҳал қилди: “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” – 1:2.

DSC_8409-1478x982.JPG

Тошкентда эса “Локомотив” Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилди. Ўтган турда Жиззахда аламли мағлубиятни қабул қилиб олган темирйўлчилар ҳали ўзларига келиб улгуришмагани кечаги ўйинда ҳам сезилиб турди. Биринчи бўлимда меҳмонлар ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Аммо, танаффусдан кейин Самвел Бабаян шогирдлари рақиб дарвозасига йўл топишди, 56-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов пенальтидан ҳисобни очди. Бироздан кейин меҳмонлар майдонда бир киши кам бўлиб қолишди, Жасур Азимов иккинчи огоҳлантириш туфайли майдонни шерикларидан эртароқ тарк этишга мажбур бўлди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда “Локо”нинг янги хариди Ариагнер Медина Смит жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.

DSC_8482-1478x982.JPG

Чемпионат пешқадами “Пахтакор” эса ўтган турда Наманганда сенсацион ғалаба қайд этган “Қизилқум” майдонига сафар қилди ва рақибининг деярли қаршилигини сезмади ҳам. Бу натижада ҳам акс этиб турибди: “Қизилқум” – “Пахтакор” – 0:5. Игорь Сергеевнинг дубли ҳамда Егор Кримец, Марко Симич ҳамда Достонбек Ҳамдамовлар томонидан киритилган 5та гол “шерлар”ни навбатдаги чемпионлик сари яқинлаштирди.

Ўзбекистон суперлигасининг 15-тур қолган учрашувлари бугун ўтказилади. Турнинг марказий ўйинларидан бири Тошкентда “Бунёдкор” ва “Сурхон” жамоалари ўртасида бўлса, сўнгги турларда ажойиб ўйин намойиш этаётган “Насаф” Бекободнинг "Металлург" жамоасини қабул қилади. Шунингдек бугун АГМК – “Андижон” ҳамда “Бухоро” – “Навбаҳор” жамоалари ҳам ўзаро куч синашади.

DSC_8564-1478x982.JPG