ЎзА Ўзбек

14.04.2019 19:48 Чоп этиш версияси

“Локомотив”дан иродали ғалаба, “Қўқон-1912” эса инқирозда(ми?)

“Локомотив”дан иродали ғалаба, “Қўқон-1912” эса инқирозда(ми?)
Ҳозиргина Ўзбекистон суперлигасининг 4-тур ўйинларига якун ясалди.

Турнинг сўнгги учрашувлари бир вақтда Тошкент ва Фарғона шаҳарларида бошланди. ТТЙМИ стадионида мезбон “Локомотив” футболчилари АГМК жамоасини қабул қилди. Ушбу жамоалар жорий мавсум аввалида мамлакат суперкубоги учун кечган ўйинда ҳам тўқнашишган ва унда омад темирйўлчиларга кулиб боққанди. Бу сафар ҳам амалдаги Ўзбекистон чемпиони ўз устунлигини намойиш этди. Ваҳоланки, бу сафарги ўйинни Миржалол Қосимов шогирдлари кўтаринки руҳда бошлаб, 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишган эди. Тўп муаллифи Зафар Полвонов, бу унинг мавсумдаги 6-голи эди.

Аммо, тажрибали темирйўлчилар вазиятни танаффусгача ўнглашга муваффақ бўлди. 43-дақиқада тажрибали Темурхўжа Абдуҳолиқов ҳисобни тенглаштирган бўлса, 1-тайм охирида жамоа сардори Ислом Тўхтахўжаев бурчакдан киритиб берилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди: “Локомотив” – АГМК – 2:1.

Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоада гол уриш учун имкониятлар бўлди, айниқса майдон эгаларида. Бироқ, иккинчи 45 дақиқаликда дарвозаларга бошқа гол урилмади ва ушбу ғалабадан кейин “Локомотив” ўз очколари сонини 9тага етказган ҳолда пешқадам “Пахтакор”га анча яқинлашиб олди.

photo5305326776240679560.jpg

Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида эса “Қўқон-1912” футболчилари “Бухоро” клубини қабул қилди ва кутилмаганда 1-3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Қизиғи, жамоадаги футболчиларнинг ёши борасида қўқонликлар суперлигада энг тажрибалилардан бири саналса, бухороликлар бунинг акси. Бугун Бахтиёр Ашурматовнинг таъбир жоиз бўлса “ёш болачалари” “Қўқон-1912” жамоасига “дарс беришди”.

Биринчи бўлимда ёш футболчилар Асадбек Собиржонов ва Достон Иброҳимов икки бор мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Танаффусдан кейин Иван нагаев ҳисобни йирик кўриниш олишини таъминлади. Аммо майдон эгаларининг сардори ҳамда штатдаги пенальтичиси Мурод Холмуҳамедов 11 метрлик жарима зарбасини аниқ бажариб, “Қўқон-1912”ни йирик ҳисобдаги мағлубиядан қутқариб қолди: “Қўқон-1912” – “Бухоро” – 1:3. Шу тариқа қўқонликлар икки ўйинда ўз дарвозасидан нақд 10та тўп олиб чиқишди, бу жуда ҳам кўп эмасми?!

Ўзбекистон суперлигаси-2019. 4-тур

“Локомотив” – АГМК – 2:1
Голлар: Т.Абдуҳолиқов (43), И.Тўхтахўжаев (45) – З.Полвонов (3).
“Қўқон-1912” – “Бухоро” – 1:3
Голлар: М.Холмухамедов (68-пен.) – А.Собиржонов (24), Д.Иброҳимов (42), И.Нагаев (58).

4-турдан сўнг суперлигада “Пахтакор” 10 очко билан етакчилик қилмоқда. “Локомотив” бугунги ғалабадан кейин ўз очколари сонини 9тага етказиб олди ва 2-ўринга кўтарилди. Кучли учликка 8 очко билан “Сурхон” якун ясайди. Жадвалнинг қуйи поғонасини атиги 2 очко билан “Қўқон-1912” клуби эгаллаб турибди.

О.Эшмаматов, ЎзА
5 784