Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 17:56 Чоп этиш версияси

Латофат соҳибаларининг гўзал мусобақалари

Латофат соҳибаларининг гўзал мусобақалари Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича нуфузли мусобақалар – Жаҳон кубоги босқичи ва “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларда Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистон каби давлатлардан юз элликдан зиёд кучли гимнастикачилар ғолиблик учун баҳслашмоқда.

18-19 апрель кунлари “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири, 21-23 апрель кунлари Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади.

Байрамона безатилган Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида 18 апрель куни “Happy Caravan – 2017” халқаро турнири бошланди.

Чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жўраев ва бошқалар мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан этиб белгилангани, бу жараёнда спортнинг қизларга хос турлари, айниқса, бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, малакали мураббийлар тайёрлаш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар қилиб вояга етказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларида гимнастика билан шуғулланиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган марказлар ташкил этилди, уларда ҳар куни минглаб ўғил-қиз ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг энг истиқболли ва иқтидорлилари гимнастика бўйича ўсмирлар ва миллий терма жамоалар сафига қўшилмоқда.

2007 йилда Гимнастика бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ва 2011 йилда Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захиралари спорт мактаби ташкил қилинди. 2009 йилдан буён гимнастиканинг барча турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларини Олимпия ўйинларига тайёрлаш маркази ҳисобланган мазкур мактабда ўқув-машғулотларни юқори савияда ташкил этиш ҳамда йирик мусобақаларни ўтказиш учун барча имкониятлар яратилган.

Жаҳон тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, мураббийлар малакасини оширишга катта эътибор берилмоқда. Бу борада истиқболли илмий ва тиббий янгиликларни ўрганиш, спортчиларни тайёрлаш, шунингдек, спорт ускуналарини ишлаб чиқаришга жорий этиш – буларнинг барчаси спортни янада оммалаштириш, саломатлик омилига айлантиришга хизмат қилаётир. Ўзбекистон гимнастика федерацияси шу мақсадда Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика иттифоқи томонидан ўтказилаётган халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда. Илғор тажрибани оммалаштириш учун пойтахтимиз ва вилоятларда халқаро ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирокида мураббийлар ва ҳакамлар учун семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз ҳудудларида спортчиларни тайёрлаш даражасини оширишга ёрдам бераётир.

Нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган гимнастикачиларимиз маҳорати ортиб бораётгани Ўзбекистонда ушбу спорт турини ривожлантиришга тизимли равишда ёндашилаётганининг самарасидир.

– Ўзбекистонда кўплаб соҳалар сингари спортни, жумладан, болалар ва хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётир, – дейди эстониялик мураббий Юлия Тёмушкина. – Мамлакатингизнинг юксак спорт салоҳияти, мустаҳкам моддий-техник база, яратилган шарт-шароитлар, тўпланган бой тажриба туфайли ҳар қандай йирик спорт тадбири юқори савияда ўтказилиши халқаро спорт жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Пойтахтимиз бир неча бор бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичларига мезбонлик қилди, 2010 йилда ўсмирлар ўртасидаги I Олимпиадага йўлланма берувчи Осиё чемпионати ўтказилди. Жажжи қизалоқларни гимнастиканинг нафис турига кенг жалб этиш мақсадида анъанавий "Happy Caravan" халқаро турнири мунтазам ташкил этилмоқда. 2014 йил ўсмирлар ва қизлар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақа қитъа гимнастикачилари учун II Олимпия ўйинларига йўлланма бериши билан аҳамиятли бўлди. Мазкур мусобақаларда кашф этилган ёш спортчиларимиз бугун қатор давлатларда ўтказилаётган нуфузли спорт анжуманларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

Тошкентда Халқаро гимнастика федерациясининг 80-конгресси ва Осиё гимнастика иттифоқининг Бош ассамблеяси ҳам ташкил этилди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдонда катта обрў-эътиборга эга эканидан, мамлакатимизда спортнинг энг оммавий турларидан бирига айланган гимнастикани ривожлантиришда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганидан далолатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 ноябрдаги «Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси юзасидан федерация қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил ишлар олиб бормоқда.

Аввал фақат бадиий гимнастикага ихтисослаштирилган мактаб эндиликда спорт гимнастикаси ва трамполинни ўз ичига қамраб олган ҳолда Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабига айлантирилди. Бундан кўзланган асосий мақсад гимнастиканинг барча турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш билан бирга халқаро майдонларда ўз иқтидори ва салоҳияти билан юқори натижаларга эриша оладиган спортчиларни тарбиялашдан иборатдир.

Малакали кадрлар – мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг касб маҳорати ва тажрибасини ошириш мақсадида федерация ҳузурида Спортнинг гимнастика турлари бўйича республика мураббийлар ва ҳакамлар мактаби ташкил этилди.

– Ўзбекистонда ўтаётган нуфузли мусобақаларда қатнашаётганимиздан хурсандмиз, – дейди норвегиялик гимнастикачи Ингрид Братсберг. – Мамлакатингизда бадиий гимнастика билан шуғулланиш учун яратилган шароит ва имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Бу мусобақа ҳар бир иштирокчи ҳаётида ёрқин ва ўчмас саҳифа бўлиб қолишига ишончимиз комил. Мен ҳам ушбу нуфузли мусобақада бор маҳоратимни намойиш этиб, ғалаба қозониш ниятидаман.

Мусобақанинг яккалик баҳсларида Дилдора Раҳматова, Нуринисо Усмонова, Тахмина Икромова, Хуршида Абдурауфова, Севинч Турдиева, Наргиза Жуманиёзова, Диёра Бурҳонхўжаева, Лола Зокирова, Фарзона Усмонова сингари гимнастикачиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Шаҳризода Арзиматова, Екатерина Фетисова, Шаҳризода Қаюмова, Динора Иззатуллаева, Сунажон Сотимбоева, Анастасия Тихоновадан иборат жамоамиз қатнашмоқда.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
3 319






Все о погоде - Pogoda.uz