Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:23 Чоп этиш версияси

Курашнинг Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилинди

Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари доирасида Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим масалалар билан бирга курашнинг 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилинди.

Кураш асрлар давомида халқимизнинг энг оммавий ва севимли миллий ўйинлари қаторида эъзозланиб, миллий байрам, тўй ва сайлларда намойиш этилган. Сурхон, Зарафшон воҳалари, Фарғона водийси, Навоий вилоятидаги Сармишсой дараси ҳамда қатор қадимги аҳоли манзилгоҳларида аниқланган ноёб топилмалар, асори атиқалар, қоятошларга битилган тасвирий санъат намуналари курашнинг уч минг йиллик тарихга эга эканидан далолат беради.

Миллий қадриятимиз истиқлол туфайли янги босқичга кўтарилди, жаҳон узра кенг тарқалиб, турли миллатларга мансуб миллионлаб кишиларнинг севимли спорт турига айланди.

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ташкил этилди. 1992-1998 йилларда Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, Америка, Россия каби мамлакатларда бўлиб ўтган йирик спорт анжуманларида ўзбек кураши кенг намойиш қилинди. Натижада жаҳон ҳамжамияти 1998 йил 6 сентябрь куни ўзбек курашини халқаро спорт тури сифатида расман эътироф этди. Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциациясига асос солинди.

Бугун дунёнинг юз йигирмадан ортиқ давлатида кураш кенг оммалашмоқда. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир. Бу мусобақаларда дунёнинг барча қитъасидан номдор полвонлар ўзбекона камтарлик ва мардонаворлик билан таъзим қилиб, гиламга чиқмоқда, давра айланиб, кураш тушмоқда. Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари томонидан курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, уни келажакда ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

– Осиё олимпия кенгаши томонидан ҳар тўрт йилда ташкил этиладиган ва қитъа олимпиадаси сифатида эътироф этилган ёзги Осиё ўйинлари нуфузи ва аҳамияти жиҳатидан Олимпия ўйинларидан кейинги муҳим мусобақадир. Унда қитъамизнинг деярли барча мамлакатларидан минглаб спортчилар иштирок этади. Шу боис мазкур ўйинлар дастуридан жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга, барча қитъаларда ривожланиб бораётган спорт турлари жой олади, – деди Кураш халқаро ассоциацияси матбуот котиби Жамшид Намозов. – Курашнинг XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилиши бу йўналишда залворли қадам қўйилганидан, унинг халқаро спорт ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолатдир.

XVIII ёзги Осиё ўйинларида кураш мусобақалари саккизта вазн тоифасида ўтказилади. Эркаклар 66, 73, 81, 90 килограммгача, 90 ва ундан ортиқ, хотин-қизлар эса 52, 63, 78 килограммгача вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
1 534






Все о погоде - Pogoda.uz