ЎзА Ўзбек

22.08.2018 19:23 Чоп этиш версияси

Курашчиларимиздан қўш медаль ёхуд Мўминжоннинг фаолиятидаги биринчи олтин медаль

Курашчиларимиздан қўш медаль ёхуд Мўминжоннинг фаолиятидаги биринчи олтин медаль
XVIII ёзги Осиё ўйинларининг юнон-рум кураши мусобақаларида бугун уч нафар атлетимиз гиламга чиқди. 87 килогача бўлган вазнда Рустам Ассакалов, 97 килогача вазнда Жаҳонгир Турдиев ҳамда энг оғир 130 килогача бўлган вазнли полвонлар орасида Мўминжон Абдуллаев Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Рустам Ассакалов ўз вазн тоифасида аввалига қозоғистонлик Азамат Кустубаевни қийинчилик билан мағлуб этди. Чорак финалда эса қирғизистонлик Самат Ширдаковга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ярим финалда эса ҳиндистонлик Синх Харприт 10:0 ҳисобида доғда қолдирилди ва Рустам финалда. Бироқ, терма жамоамиз аъзосига икки карра Осиё ўйинлари ғолиби бўлиш насиб этмади, аниқроғи бунга эронлик икки карра Осиё чемпиони Ҳусайн Нури йўл қўймади. Ҳал қилувчи баҳсда 6:1 ҳисобида имкониятни бой берган Ассакалов терма жамоамизга яна бир кумуш медални тақдим этди.

97 килогача бўлган вазнда гиламга чиққан Жаҳонгир Турдиев эса биринчи даврадаёқ мағлубиятга учраганди. Аммо ўтиш беллашувидаги ғалаба ҳамюртимизга бронза медали учун курашиш имконини тақдим этганди. Лекин бу сафар ҳам Жаҳонгир ишончни оқламади. У қирғизистонлик Узур Жусупбековга ютқазиб қўйди.

Ва ниҳоят энг оғир вазнли курашчимиз Мўминжон Абдуллаев илк босқичда жанубий Кореялик Ким Мин Сокни йирик – 7:0 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда Тожикистон вакили Суҳрож Азизов янада йирик ҳисобда тор-мор этилди. Ярим финалда ҳамюртимиз чинакамига жиддий қаршиликка дуч келди. Эронлик Маҳдизода Беном билан кечган беллашувнинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади. Фақат қўшимча бўлимда Абдуллаев ғалабани юлиб кетди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Мўминжонга қўшни қозоғистонлик Нурмахон Тиналиев рўбарў келди. Икки карра Осиё ўйинлари ғолиби бўлмиш Қозоғистон терма жамоаси аъзоси ўз фаолиятида учинчи Осиё ўйинлари олтин медални қўлга киритишига ҳамюртимиз йўл бермади. Руҳий жиҳатдан пухта тайёргарликка эга спортчимиз номдор рақибига ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади – 8:0 ва муддатидан олдин ғалаба. Шуни таъкидлаш керак, 28 ёшли курашчимиз қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Гран-при турнирлари совриндори бўлган, аммо фаолиятидаги дастлабки халқаро олтин медални айнан Жакарта гиламларида қўлга киритди. Терма жамоамиз эса 3 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медали билан норасмий умумжамоа ҳисобида 9-ўринга кўтарилиб олди.

ЎзА
6 889