ЎзА Ўзбек

03.09.2019 Чоп этиш версияси

Кураш: жаҳон чемпионатининг дастлабки кунида полвонларимиз бешта медаль қўлга киритди

Кураш: жаҳон чемпионатининг дастлабки кунида полвонларимиз бешта медаль қўлга киритди

Шу кунларда Жанубий Кореянинг Чонгду шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали доирасида кураш бўйича жаҳон чемпионати ҳам ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам тўлиқ таркибда иштирок этиши ҳақида хабар бергандик.

Кеча ўтказилган беллашувлар ҳамюртларимиз учун омадли кечди ва мусобақанинг дастлабки кунида полвонларимиз иккитадан олтин ва кумуш ҳамда битта бронза, жами 5 та медалга сазовор бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон кураш миллий федерацияси матбуот хизмати хабар қилади.

Жумладан, эркаклар ўртасида 60 кг.гача вазн тоифасида гиламга тушган ҳамюртимиз Аброр Жабборов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. У финалда Туркманистон терма жамоаси аъзоси Шомуҳаммад Қурбоновни мағлуб этди.

photo_2019-09-03_19-16-48.jpg

Вазни 66 кг.гача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда эса яна бир юртдошимиз Қобилжон Аҳмедов кумуш медалга сазовор бўлди. Қобилжон финалда япониялик курашчи Эики Гояга ютқазиб қўйди.

73 кг.гача вазн тоифасида навоийлик Умид Эсонов кураш бўйича жаҳон чемпиони, номини қўлга киритди. У финалда яна бир туркманистонлик полвон Муҳаммад Темиров устидан чиройли услубда ғалаба қозонди ва Ўзбекистонга иккинчи олтин медални тақдим этди.

Аёллар ўртасидаги беллашувларда эса 87 кг.гача вазн тоифасида Раҳима Йўлдошева бронза медалига эга чиққан бўлса, 87 кг.дан юқори вазн тоифасида Рината Илматова ҳам кумуш медаль билан чекланди.

Жанубий Кореяда ўтказилаётган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали доирасидаги кураш бўйича жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда. Умид қиламизки ҳали юртимиз полвонлари Ўзбекистонга яна медаллар тақдим этишади.

photo_2019-09-03_19-16-49 (2).jpg

photo_2019-09-03_19-16-49 (3).jpg

photo_2019-09-03_19-16-49.jpg

2 791
О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА