ЎзА Ўзбек

04.09.2019 Чоп этиш версияси

Кураш: Муҳсин Ҳисомиддинов ва Гулнор Сулаймонова яна жаҳон чемпиони!

Кураш: Муҳсин Ҳисомиддинов ва Гулнор Сулаймонова яна жаҳон чемпиони!

Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон жанг санъатлари фестивали доирасида бугун кураш бўйича XII жаҳон чемпионати баҳслари ўз поёнига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасида оғир, аёллар орасида эса енгил вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Эркаклар ўртасида энг оғир, яъни 100 кг.дан юқори вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Муҳсин Ҳисомиддинов мусобақа давомида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда яна жаҳон чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлди. Шу тариқа у уч карра жаҳон чемпионига айланди. Муҳсин финалда эронлик таниқли полвон Жаъфар Паҳлавонижаҳар устидан ғалаба қозонди.

Жанубий Кореяга йўл олган терма жамоамиз таркибидан икки нафар амалдаги жаҳон чемпионлари ўрин олганди. Улардан бири Муҳсин Ҳисомиддинов бўлса, иккинчиси аёллар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолибаси Гулнор Сулаймонова эди. Қувонарлиси, Ҳисомиддиновнинг ортидан Сулаймонова ҳам ўз унвонини муносиб ҳимоя қилди. Умуман, бугунги беллашувларда барча вазн тоифаларида олтин медаллар Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг кўксини безади.

Бугунги беллашувларнинг барча ғолиб ва совриндорлари:

Кураш. Жаҳон чемпионати. Чонгжу (Жанубий Корея)

Эркаклар. -100 кг.

1. Эркин Дониёров (Ўзбекистон)
2. Ҳамид Рашиди (Эрон)
3. Жи Мин Ким (Жанубий Корея)
3. Хоанг Дуонг Нгуэн (Вьетнам)

+100 кг.

1. Муҳсин Ҳисомиддинов (Ўзбекистон)
2. Жаъфар Паҳлавонижаҳар (Эрон)
3. Кунатип Йе-Он (Таиланд)
3. Мбепа Гаулоу Энтони (Конго ДР)

Аёллар. -48 кг.

1. Моҳинур Мўминова (Ўзбекистон)
2. Эрденедалай Нурзедмаа (Mўғулистон)
3. Чиа-Вен Цоу (Хитой Тайпейи)
3. Айширин Ҳайдаровa (Туркманистон)

- 52 кг.

1. Гулнор Сулаймонова (Ўзбекистон)
2. Айнур Аманова (Туркманистон)
3. Кёнг Ха Ли (Жанубий Коея)
3. Цю Йи Ханг (Хитой Тайпейи)

Уч кун давом этган мусобақалар якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси 9та олтин, иккитадан кумуш ва бронза, жами 13та медалга эга чиққан ҳолда норасмий умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни эса Хитой Тайпейи (2-0-7) ҳамда мезбон Жанубий Корея (2-0-5) полвонлари банд этишди. Умуман, мусобақа давомида жами 13та мамлакат спортчилари у ёки бу даражадаги медалларга сазовор бўлди.

photo5438165025169713930.jpg

photo5438216573367200829.jpg

5 113
ЎзА