ЎзА Ўзбек

28.10.2019 Чоп этиш версияси

Кураш бўйича Сирдарё вилояти чемпионати

Кураш бўйича Сирдарё вилояти чемпионати

Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида 2002-2003 йилларда туғилган ўсмир йигит ва қизлар ўртасида кураш бўйича Сирдарё вилояти чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақа вилоят прокуратураси ташаббуси билан вилоят кураш федерацияси ҳамда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан 100 дан ортиқ ёш полвонлар жамоавий таркибда ғолиблик учун баҳслашди.

– Ўзбек кураши аллақачон халқаро спорт аренасида ўз ўрнини топиб улгурди, – дейди вилоят прокурори ўринбосари, вилоят кураш федерацияси вице-президенти Сарвар Бозоров. – Бугун турли миллат вакиллари томонидан “Кураш!”, “Тўхта!”, “Чала!”, “Ёнбош!”, “Ғирром!”, “Ҳалол!” каби ўзбекона кураш атамалари баралла янграётгани қалбимизда фахр туйғуларини жўш урдириши шубҳасиз. Ўзбек кураши бўйича ушбу мусобақани ўтказишдан кўзлаган асосий мақсадимиз Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш каби устувор вазифалар ижросини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, вилоятимизнинг энг чекка қишлоқларида камол топаётган ёш иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва улар билан селекция ишларини олиб бориш ҳамда шу орқали кураш спорт тури бўйича нуфузли мусобақаларда иштирок этадиган терма жамоа захирасини шакллантиришдир.

Беллашув якунига кўра, ғолиб жамоа курашчиларидан вилоят терма жамоаси таркиби шакллантирилиб, уларни жорий йилнинг 12-15 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтиши режалаштирилган 2002-2003 йилларда туғилган ўсмир ва қизлар ўртасидаги кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида муносиб иштирок этишини таъминлашдир.

Жамоавий кураш мусобақасида Сайхунобод ва Гулистон туманлари ҳамда Гулистон шаҳри жамоалари ёш полвон ўсмир йигит ва қизлари шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Кураш-3.jpg

3 816
Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА