ЎзА Ўзбек

11.06.2019 Чоп этиш версияси

Купер миллий терма жамоани ўзгартирмоқда, бу сафар Сурия мағлуб этилди

Купер миллий терма жамоани ўзгартирмоқда, бу сафар Сурия мағлуб этилди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунлари доирасида 28 май - 12 июнь кунлари оралиғида учта ўртоқлик ўйинида майдонга тушишга келишиб қўйганди.

Агар илк ўйинда футболчиларимиз туркларга қарши ўта бўш ўйин кўрсатган бўлса, бундан тўрт кун муқаддам миллий термамиз ўз майдонида КХДР устидан йирик - 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо шимолликлар сўнгги бор бундан 150 кун илгари майдонга тушгани ва шундан бери биронта ҳам ўйин ўтказмаганини инобатга олсак, Купер жамоасининг ҳақиқий кучини Сурияга қарши ўйин кўрсатиб бериши кутилаётган эди. Шу боисми ўйинга қизиқиш бу сафар юқори бўлди. Стадион лиқ тўлган бўлса, яна қарийб шунча одам ташқарида қолиб кетди. Энг қизиғи, уларнинг кўпчилиги қўлида чиптаси билан ташқарида қолиб кетди. Ва янада ажабланарлиси, текин деб чиқарилган чипталар "учарлар"нинг қўлига чиқиб кетганидир. Ажабо, ЎФФ ЎФАга айлантирилса ҳам, раҳбарият ўзгарса ҳам ўзбек футболидаги иллатлар йўқолмас эканда.

Майли, бу алоҳида мавзу. Бевосита ўйинга келсак, футболчиларимиз дастлабки дақиқалардан прессинг қўллай бошлади ва бу тезда ўз самарасини берди. 3-дақиқадаёқ терма жамоа сардори Одил Аҳмедов майдон марказида тўпни рақиб ўйинчисидан олиб қўйди ва уни рақиб жарима майдонига ёриб кираётган Элдор Шомуродовга узатди. Элдор эса тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб ҳисобни очди.

Умуман дастлабки 45 дақиқаликда вакилларимиз яхши ҳаракат қилди ва танаффусга яқин яна ўша Шомуродов рақиб дарвозасини ишғол қилди. 2:0 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди. Гарчи терма жамоамиз ишончли ғалабани қўлга киритган бўлса-да Сурия билан ўйиннинг иккинчи бўлими бизни анча хавотирга солди. Истардикки жаноб Купер терма жамоага ғолиблик руҳиятини сингдирса ва мухлисларнинг азалий орзуси ушалса. 

Ўртоқлик ўйини
11 июнь, "Миллий" стадиони.
Ўзбекистон - Сурия - 2:0
Ҳакамлар: Рисбек Шекербеков, Баҳодир Қўчқоров, Исмоилхон Толипжонов (учаласи Қирғизистон), Шерзод Қосимов (Ўзбекистон)
Голлар: Элдор Шомуродов (3, 42).

Ўзбекистон: 25.Элдор Суюнов, 4.Фарруҳ Сайфиев (13.Олег Зотеев, 74), 5.Анзур Исмоилов, 6.Даврон Ҳошимов, 7.Одилжон Ҳамробеков (18.Фозил Мусаев, 60), 9.Одил Аҳмедов (23.Хуршид Ғиёсов, 75), 10.Жалолиддин Машарипов, 14.Элдор Шомуродов (17.Игорь Сергеев, 79), 19.Остон Ўрунов (8.Икром Алибоев, 60), 20.Ислом Тўхтахўжаев, 21.Қувондиқ Рўзиев (22.Достон Ибрагимов, 67)
Захира: 1.Жавоҳир Илёсов, 2.Хожиакбар Алижонов, 3.Достон Турсунов, 11.Тимурхўжа Абдухолиқов, 15.Егор Кримец, 24.Акром Комилов.

Сурия: 1.Иброҳим Алма, 3.Муаяд Ал Ажан, 5.Омро Мидани (4.Шиб Ал Али, 46), 6.Амро Женьят, 8.Маҳмуд Ал Мавас (11.Абдул Малик Ал Анизан, 77), 12.Муҳаммад Ал Вакид, 13.Аҳмад Ал Аҳмад (10.Фирас Ал Хатиб, 65), 14.Тами Хож Муҳаммад, 19.Аҳмад Ашкар, 20.Холид Ал Мбайед, 21.Муҳаммад Ал Мармур.
Захира: 23.Аҳмад Маданиеҳ, 22.Холид Ал Хожиотман, 15.Ала Ал Шбли, 16.Ҳамид Мидо, 17.Аҳмад Диб.

MTA_1263-1128x752.JPG

MTA_1179-1128x752.JPG

MTA_1224-1128x752.JPG

MTA_1222-1128x752.JPG

6 540
О.ЭШМАМАТОВ, Т.МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА