ЎзА Ўзбек

26.07.2019 Чоп этиш версияси

Хушхабар: Шарофиддин Лутфуллаев Загребда олтин медалга сазовор бўлди

Хушхабар: Шарофиддин Лутфуллаев Загребда олтин медалга сазовор бўлди

Аввал хабар берганимиздек, бугун Хорватиянинг Загреб шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при туркумига кирувчи нуфузли турнир старт олди. Унда 13 нафар полвонимиз ўз омадини синаб кўришади.

Бугун ўтказилган баҳсларда 60 килогача бўлган вазн тоифасида татамига чиққан ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаев терма жамоамиз ҳисобига ушбу мусобақадаги дастлабки олтин медални қўшиб қўйди.

Мусобақадаги иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлаб, дастлаб Словения, кейинчалик қўшни давлатлар Туркманистон ва қозоғистонлик спортчиларни доғда қолдирган Лутфуллаев ярим финалда мўғулистонлик рақиби Ариунболд Энхтайван устидан икки дақиқа ичида соф ғалабага эришди.

Ҳал қилувчи баҳсда эса Буюк Британия терма жамоаси аъзоси Эшли Маккензини ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этган юртдошимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Эслатиб ўтамиз, Загребдаги Гран-при турнири бир вақтда келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарини ҳам тақдим этади.

7 784
О.Эшмаматов, ЎзА