ЎзА Ўзбек

09.03.2020 Чоп этиш версияси

Хушхабар: Шаҳобиддин Зоиров ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

Хушхабар: Шаҳобиддин Зоиров ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтказилаётган, Осиё ва Океания минтақаси учун йўлланма берувчи бокс бўйича лицензион турнирининг бугунги баҳсларида яна бир боксчимиз Токио йўлланмасини қўлга киритди.

-52 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров квалификацион турнирнинг чорак финал баҳсида эронлик рақиби Омид Аҳмадисафа устидан ғалаба қозонди. Шаҳобиддин уч раунд давомида тўлиқ устунликни ўзида сақлаб қолган ҳолда эронлик боксчини 5:0 ҳисобида таслим этди.

Амалдаги Олимпия ва Жаҳон чемпиони Зоиров энди ушбу турнирнинг ярим финалида таиландлик Тҳитисан Панмот билан жанг қилади.

Шу тариқа Олимпиадага йўлланма олган боксчиларимиз сони тўрт нафарга етди. Кеча ўтказилган жангларда +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов, -91 кг вазнда Санжар Турсунов ва -69 кг вазнда Бобоусмон Батуровлар Токио учун чипта соҳибига айланишганди.

Шунингдек, бугун яна тўрт нафар боксчимиз Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун жангга киришади. Эътиборлиси, улар орасида икки нафар қизларимиз ҳам бор.

Булар:

– 63 кг: Элнур Абдураимов (Ўзбекистон) – Гардиш Харрисон (Австралия).

– 51 кг: Турсуной Раҳимова (Ўзбекистон) – Хуанг Циао Вен (Хитой Тайпейи).

– 60 кг: Райҳона Қодирова (Ўзбекистон) – Сеесонде Судапорн (Таиланд).

– 57 кг: Миразизбек Мирзахалилов (Ўзбекистон) – Цсо Синг Ю (Гонгконг).

2 250
ЎзА