ЎзА Ўзбек

28.08.2019 Чоп этиш версияси

“Хумо“ жамоаси ҳоким кубоги ғолиби

“Хумо“ жамоаси ҳоким кубоги ғолиби

Яккабоғ туманида футбол бўйича 2004-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида Қашқадарё вилояти ҳокими кубоги мусобақаси ўтказилди.

Ёшларни оммавий спортга жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган мусобақада 16 жамоа ғолиблик учун майдонда тўп сурди.

240 нафарга яқин ўсмир иштирок этган беллашувда Яккабоғ тумани 1-сонли ва Муборак тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоалари 3-ўринни эгаллади. Китоб тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси эса 2-ўринга сазовор бўлди. Яккабоғ туманидаги 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабининг “Хумо” жамоаси барча рақибларини доғда қолдириб, мусобақанинг мутлоқ ғолибига айланди ва вилоят ҳокими кубогини қўлга киритди.

– Бу каби мусобақалар спортга қизиқувчи ёшларни янада руҳлантиради, – дейди Яккабоғ тумани 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаби футбол мураббийси Б.Раҳмонов. – Масалан, мусобақа давомида вилоят ҳокимининг шахсан ўзи болалар билан футбол ўйнаб, мастер-класс ташкил қилгани уларни жуда қувонтирди. Спорт мактабимизда болаларнинг футбол билан шуғулланишлари учун барча шароит яратилган. Келгусида шогирдларимиз билан республика миқёсидаги мусобақаларда ҳам юқори ўринларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз.

Ғолиб ва совриндорлар вилоят ҳокимлиги, шунингдек, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мусобақа доирасида элимиз суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Мусобақада вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.

1.JPG

2.JPG

3.JPG

5 704
Ў.БАРОТОВ, ЎзА