Хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенгроқ жалб этиш зарур
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 28 январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 28 январь куни туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда, спорт ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг умумий сонини жорий йилда 18 фоизга, 2025 йилга бориб эса 30 фоизга етказиш, шунингдек, 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг камида 30 фоизини оммавий спортга кенг жалб қилиш кераклиги таъкидланди.

Сўнги 3 йил давомида Сирдарё вилоятида ҳам жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар, ёшлар ва айниса, аёлларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда бу борада Гулистон шаҳрида бир мунча ишлар амалга оширилаётир.
– Хотин-қизларимизни спортга жалб қилиш борасида шаҳримизда, мақтанса арзигулик бир қатор ишлар қилинди, – дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Тожибоева. – Айни пайтда шаҳримизда 9 та “Фитнес клуб” фаолият олиб бормоқда. Бу клубларда хотин-қизларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун энг замонавий тринажёр ускуналари, спорт жиҳозлари, зарур спорт инвентарлари ва қулай шароитлар яратилган. Асосий мақсадимиз – хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб этишдан иборат.

Дарҳақиқат, бу “Фитнес клуб”ларда нафақат аёллар, балки, барча хоҳловчилар жисмоний чиниқиш машқлари билан шуғулланишлари, тош кўтариши, гантеллар ва турли бошқа спорт жиҳозлари билан ишлашлари, стол тенниси ўйнашлари ҳамда гимнастика, енгил атлетика спорт турларининг элементларини бажаришлари, ёпиқ сув иншоотида сузишлари мумкин.
– Шаҳарнинг 4-мавзесидаги “Фитнес клуб” менинг энг севимли масканим, – дейди Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Маҳлиё Туротова. – Тенгқурларим бўлган бир неча ёш жувонлар билан ҳар куни бу ерга келиб, мураббий назоратида бадиий гимнастика элементларини бажариб, тринажёрда мускуллар машқи билан шуғулланамиз. Ишхонамиздагилар қадди-қоматимизни кўриб, қандай эришганимизни сўрашади. Биз эса, “Сизлар ҳам соғлом турмуш тарзига ўтинг, биз каби “Фитнес клуб”ларга боринг, соғлом овқатланиш тизимини танланг. Ана шунда шифокорларга ишингиз, шифохонага йўлингиз тушмайди. Қадди-қоматингизга ҳам ҳамма ҳавас билан қарайди” деб жавоб берамиз.

Гулистон шаҳрини кесиб ўтувчи Дўстлик канали қирғоғи югуриш ва сайр қилувчиларнинг энг севимли масканига айланган. Бу ерда ҳар куни эрта тонгдан турли манзарали дарахтлар бўй чўзган, плинтус ётқизилган кенг йўлак бўйлаб югуриб, спортча ва пиёда сайр қилиб юрган турли ёшдаги эркагу аёлларни, йигиту қизларни, ўқувчию талабаларни кўриш мумкин.
– Ҳар тонг эрта билан шу канал қирғоғи бўйлаб сайрга чиқасизларми? – сўраймиз канал қирғоғи бўйлаб оҳиста югуриб кетаётган 4 нафар аёллардан.
– Бундан 3-4 йил муқаддам бу канал қирғоғида югуриш у ёқда турсин, ҳатто пиёда юриш ҳам амри маҳол эди, – дейди Назира Дуллаева. – Канал бетон қилиниб, қирғоқлари текисланди, қирғоқ йўлагига кафел ётқизилди, атрофига турли манзарали дарахтлар экилди. Қаранг, қандай гўзал манзара кашф этди. Бу ерда ҳар куни дугоналарим билан маза қилиб югурамиз, пиёда юрамиз, сайр қиламиз.
– Авваллари, стадион яшаш жойимизга анча чап бўлгани учун автомобил йўли четидан югурардик, бу жуда хавфли ва йилнинг ҳамма фаслида ҳам айниқса, ёғин-сочин кунлари буни иложи бўлмасди, – дейди дугоналардан бири Гулбаҳор Абдуллаева. – Ҳозир эса бу ер тинч, автомобиллар юрмайди, бир томонинг зилол сув, иккинчи томонинг боғ, қанча юрсанг, югурсанг, шунча роҳатланасан.
– 10-12 йилдан буён эрталабки сайрни канда қилмаймиз, – дейди уларнинг учинчи ҳамроҳи Гулсара Фарзалиева. – Каттамиз 60 дан, кичигимиз 55 ёшдан ошдик. Лекин ҳамон югурамиз. Биз тенги, баъзи спортнинг “кўчаси”дан ўтмаган аёллар йил ўн икки ой дорихонама-дорихона, шифохонама-шифохона югурса, биз қирғоқ бўйлаб югурамиз. Шу давр ичида, дори ва укол сотиб олмай анча маблағни тежаганимиз бор гап. Бу пулларни яхши кунимизга, рўзғоримизга ишлатдик.

– Худога шукур, ҳали туғруқхонадан бошқа шифохона “койка”сини кўрмадик, – дейди шодон кулиб Лола Хўжақулова. – Ўзимиз чемпион бўлолмасак-да, чемпионларни дунёга келтириб қўйганмиз. Қолаверса, аёллар спартакиадасида, мана-ман, деган қизларни ортда қолдириб юрибмиз.
Соғлом турмуш тарзини таъминлаш мақсадида, Гулистон шаҳрида яна бир хайрли иш амалга оширилмоқда. Кўпсонли фуқаролар меҳнат қилаётган йирик корхоналарда махсус мураббий штати жорий этиб, бу ерда меҳнат қилаётганлар унинг назоратида кунига 2-3 марталаб енгил жисмоний тарбия машқларини ўтамоқда.
Вилоят марказидаги “Гулистон” стадионида эса ҳар куни 1-2 маҳалдан, шу атрофдаги кам сонли жамоаларнинг ишчи-хизматчилари келиб, махсус тайинланган мураббийлар қўл остида жисмоний тарбия машқларини мунтазам бажариб келмоқда. Айни пайтда, бу ерда 500 нафардан зиёд турли ёшдаги бандлиги таъминланган гулистонликлар жисмоний тарбия билан машғул.