ЎзА Ўзбек

03.03.2020 Чоп этиш версияси

Хоккейчиларимиз олдида жуда муҳим ўйин турибди

Хоккейчиларимиз олдида жуда муҳим ўйин турибди

Олий хоккей лигасининг узундан узоқ мунтазам чемпионати ортда қолди. Тошкентнинг “Ҳумо” клуби мусобақада 54 ўйин ўтказди, шуларнинг тенг ярми пойтахтимиздаги муҳташам “Humo Arena” муз саройида, қадрдон мухлисларимиз қуршовида ўтди.

27 матчнинг ҳар бирига Тошкентда ўртача 3714 хоккей ишқибози ташриф буюрди. Бу ОХЛдаги 34 клуб ўртасида 4-натижадир. Нимаям дердик, дебютант жамоа учун ажойиб кўрсаткич. Энг муҳими, “Хумо” клубимиз бу борада лиганинг мавсумдаги рекордини ўрнатди: жорий йил 1 февраль куни “Humo Arena”да Санкт-Петербургнинг “Динамо” жамоасига қарши ўйинни салкам 7000 томошабин бевосита трибунада ўтириб томоша қилди.

Ўзларининг илк мавсумидаёқ кўк-пушти (“Ҳумо” кийимининг ранги)лар мунтазам чемпионатни муваффақиятли ўтказиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритдилар. Жамоамиз айни пайт ушбу босқичда Петров кубоги чорак финалига чиқиш учун Нефтекамскнинг “Торос” клуби билан баҳс олиб бормоқда. Ҳозирча тўрт ғалабагача давом этадиган серияда рақиб 3:2 ҳисобида олдинда боряпти.

Эртага, 4 март куни “Ҳумо” сериянинг олтинчи ўйинини ўтказади. Бу гал вакилларимиз қандай бўлмасини учрашувни ўз фойдаларига ҳал этиб, умумий ҳисобни тенглаштиришлари керак. Шундагина бизда сўнгги, ҳал қилувчи ўйинда иштирок этиш ва яна ғалаба қозониш учун Нефтекамск шаҳрига йўл олиш имконияти пайдо бўлади. Мабодо мағлубиятга учрасак, бу йилги турнир билан хайрлашишимизга тўғри келади.

Кўриниб турибдики, вазият жуда мураккаб. Ва бундай ҳолатда ишқибозлар ёрдами ҳар қачонгидан муҳим. Умид қиламизки, ўзбек хоккейи мухлислари чоршанба куни ўзларига тегишли ОХЛ мавсуми рекордини яна янгилашади ва севимли жамоамиз учун жуда зарур бўлган ғалабани таъминлашга ҳисса қўшишади.

2 147
Ғайрат Хонназаров, ЎзА