ЎзА Ўзбек

30.10.2019 Чоп этиш версияси

Хоккейчиларимиз Москвага жўнаб кетди

Хоккейчиларимиз Москвага жўнаб кетди

Ўз майдонидаги ва меҳмондаги ўйинларни ажойиб ўтказган Тошкентнинг “Ҳумо” хоккей клуби олтита учрашувда 12 имкониятдан 10 очко тўплади. Куни кеча жамоа “Звезда” билан баҳсда иштирок этиш учун Москвага учиб кетди. Бир неча кундан сўнг “Ҳумо” Москва вилоятининг Воскресенск шаҳрида маҳаллий “Химик” билан куч синашади.

“Звезда” Евроосиё минтақасининг бугунги кундаги энг кучли жамоаси – ўтган мавсум “Гагарин обладателя“ кубогини қўлга киритган машҳур ЦСКАга қарашли фарм-клуб саналади. “Химик” (Воскресенск) эса Россияда “халқ жамоаси” дея эътироф этиладиган афсонавий “Спартака”нинг фарм-клубидир. КХЛ клублари ўзларига тегишли қуйи жамоаларни икки томонлама шартнома асосида ўзлари хоҳлаган пайтда етакчи жамоа ўйинчилари билан кучайтириш имконига эгаликларини инобатга оладиган бўлсак, ўзбекистонлик хоккейчиларни жуда қийин синовлар кутиб турганини англаш қийин эмас.

Энг муҳими, “Хумо” вакиллари олдиндан таслим бўлиш ҳақида умуман ўйлаётганлари йўқ. Ахир, яқиндагина спортчиларимиз Санкт-Петербург шаҳрида бундан ҳам кучли рақиблар – Олий Хоккей Лигаси пешқадамлари “СКА-Нева” ва “Динамо” билан қандай ўйнаганликлари ёдимиздан кўтарилгани йўқ-ку! Ўшанда “бизникилар” шунчаки муз майдонига тушгани йўқ, балки 4 имкониятдан 3 очко йиғдик. Демак, ҳаммаси ўз қўлимизда. Қолаверса, “Хумо” жамоаси етакчиси Евгений Попихин уй учрашувларида “Ростов”, “Буран” ва “Тамбов” устидан қозонилган ғалабалардан сўнг таъкидлаб ўтганидек, кўк-пуштилар ихтиёрида, деярли, ҳақиқий жанговар таркиб шаклланиб қолди. 

Қувонарли жиҳати шундаки, ўйиндан ўйинга муҳташам “Humо Аrena”да тўпланаётган хоккей ишқибозлари сони ортиб бормоқда. Табиийки, ҳақиқий мухлислар меҳмондаги баҳслар тақдири билан ҳам жуда қизиқишади. Бундай пайтда ҳамюртларимизга қандай қилиб ёрдам беришимиз мумкин? Албатта, сиртдан бўлса-да, қўллаб-қувватлаш орқали. Муз майдонида серқуёш Ўзбекистоннинг илиқ муҳити хоккейчиларимизга қўшимча куч бағишлаши тайин.

Дарвоқе, меҳмондаги учрашувлардан кейин навбат яна уй ўйинларига келади. Бетакрор хоккей саройимизда ҳам йигитларимиз бор имкониятларини ишга солишларига тўлиқ ишонамиз. Ҳозирча эса Москвадаги “қанотли” жамоамизга парвоз тилаймиз!

3 847
ЎзА