ЎзА Ўзбек

01.03.2019 Чоп этиш версияси

Хоккей: Ўзбекистон чемпионатида қўшпешқадамлик давом этади

Хоккей: Ўзбекистон чемпионатида қўшпешқадамлик давом этади

Пойтахтимиздаги “Ice City” спорт-кўнгилочар мажмуасида ўтказилаётган хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионатида 7-тур ўйинлари ортда қолди.

Турнинг дастлабки ўйини “Семурғ” ҳамда “Тошкент” жамоалари ўртасида бўлди. Мазкур учрашувнинг асосий ва қўшимча вақтида кучлар тенг келди, натижада ғолибни аниқлаш учун буллитлар сериясига мурожаат қилинди. “Омад лотореяси”да “Семурғ” хоккейчилари “Тошкент” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Иккинчи ўйинда муз устига “Ҳумо” ҳамда “Бинокор” жамоалари тушди. Учрашув тенг курашлар остида ўтди ва учта бўлим натижасига кўра дуранг (4:4) қайд этилгач, ғолибни аниқлаш учун 5 дақиқалик қўшимча тайм ажратилди. Кескин курашлар остида ўтган дақиқаларда “Ҳумо” хоккейчиларининг қўли баланд келди: “Ҳумо” – “Бинокор” – 5:4.

Чемпионатда 10 тадан очко тўплаган “Ҳумо” ва “Семурғ” жамоалари пешқадамлик қилмоқда. “Тошкент” жамоаси ҳисобида 8 очко мавжуд. “Бинокор” хоккейчилари эса атиги 5 очко билан сўнгги поғонада боришяпти.

Хоккей бўйича тарихий Ўзбекистон биринчи чемпионатининг навбатдаги 8-тур ўйинлари 2-3 март кунларига белгиланган. Ўйинлар соат 12.00да бошланади. Умуман, мунтазам чемпионат доирасида жамоалар ўзаро 12та тур ўйинларида бир-бири билан куч синашади. Шундан сўнг навбат плей-офф босқичига келади.

Тарихий Ўзбекистон чемпионатининг илк ғолиби эса апрель ойида аниқланади.

Xokkey-7-tur (1).jpg

Xokkey-7-tur (2).jpg

Xokkey-7-tur (4).jpg

Xokkey-7-tur (5).jpg

Xokkey-7-tur (8).jpg

3 543
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА​​