ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Хоккей: Ўзбекистон чемпионатида “Семурғ” пешқадамга айланди

Хоккей: Ўзбекистон чемпионатида “Семурғ” пешқадамга айланди

8 февраль куни пойтахтимиздаги “Ice City” мажмуасида бошланган хоккей бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионатида 2-тур ўйинлари ортда қолди.

Кеча бўлиб ўтган куннинг биринчи ўйинида “Семурғ” жамоаси мамлакатимиз хоккейи тарихида ўз ўрнига эга “Бинокор” устидан 6:5 ҳисобида ғалаба қозонганлиги ҳақида хабар бергандик.

2-тур доирасидаги иккинчи ўйинда эса “Хумо” ва “Тошкент” жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Қизғин ва муросасиз кечган бу ўйинда ҳам дарвозалар 11 маротаба ишғол этилди. Якуний ҳисоб 6:5, “Хумо” фойдасига.

photo5406972567484475743.jpg

Шундай қилиб 2-тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон биринчи чемпионати баҳсларида “Семурғ” жамоаси пешқадамликни ўз қўлига олди. Улар ҳисобида икки ғалаба бор. “Хумо” ва “Тошкент” жамоалари эса биттадан ғалаба ва мағлубият қайд этишган. Ҳозирча “Бинокор” жамоасининг ишлари юришмаяпти. Улар ҳар икки ўйинда ҳам имкониятни бой беришган. Навбатдаги 3-тур ўйинлари 15 февраль куни ўтказилади. Унда “Семурғ” – “Тошкент” ҳамда “Бинокор” – “Хумо” жамоалари ўзаро мусобақалашади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи бор ўтказилаётган мунтазам чемпионат баҳслари 17 мартда якунланади. 20 мартдан эса икки раунддан иборат плей-офф баҳсларига старт берилади. Бу босқичда ўйинлар учта ғалабагача давом этади.

2 724
Отабек Эшмаматов, ЎзА​​