ЎзА Ўзбек

15.03.2019 10:46 Чоп этиш версияси

Хоккей: тўрт даврали тизим якунланиш арафасида, навбатда плей-офф ўйинлари

Хоккей: тўрт даврали тизим якунланиш арафасида, навбатда плей-офф ўйинлари

Кеча пойтахтимиздаги “Ice City” кўнгилочар-спорт мажмуасида ўтаётган хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 11-тур ўйинлари якунланди.

Маълумки, тарихий Ўзбекистон биринчи чемпионати аввалига тўрт даврадан иборат тизимда ўтказилади. Унга кўра жамоалар қайси ўринларни эгаллагани аниқланади. Бу эса плей-офф босқичида ким кимга қарши муз устига тушишини аниқлаб беради.

Тўрт даврали тизим якунланишига атиги бир тур қолганида “Ҳумо” жамоаси ўзи учун 1-ўринни кафолатлади. Кеча бўлиб ўтган 11-тур ўйинда “Ҳумо” хоккейчилари “Семурғ” жамоасига қарши кечган учрашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ғалаба натижасида “Ҳумо” энг яқин таъқибчисидан етиб бўлмас даражада ўзиб кетди.

11-тур доирасидаги иккинчи ўйин “Тошкент” ҳамда “Бинокор” жамоалари ўртасида кечди. Қизиқарли кечган ўйинда 3:2 ҳисоби билан “Тошкент” жамоаси хоккейчиларининг қўли баланд келди.

11-тур ўйинларидан кейин 15 очко жамғарган “Ҳумо” жамоаси 1-ўринга мустаҳкам жойлашган бўлса, 2-ўринда бораётган “Семурғ” эса 12 очкога эга. Мунтазам чемпионатда кейинги поғоналарни 11 очкодан жамғарган “Бинокор” ҳамда “Тошкент” жамоалари банд этишган.

Мунтазам чемпионатнинг сўнгги 12-тур ўйинлари 16-17 март кунлари ўтказилади.

Плей-офф учрашувлари эса март ойининг охирида старт олиши режалаштирилган. Унда тўрт даврали тизимни пешқадам сифатида якунлаган жамоа 4-ўрин соҳибига қарши баҳс олиб борса, иккинчи финалчи номи 2-3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ўртасидаги ўзаро ўйинларда аниқ бўлади.

Xokkey-11-tur (1).jpg

Xokkey-11-tur (2).jpg

Xokkey-11-tur (5).jpg

Xokkey-11-tur (7).jpg

Xokkey-11-tur (8).jpg

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
2 711