ЎзА Ўзбек

18.03.2020 Чоп этиш версияси

ХОККЕЙ: “Хумо” ярим финал учун курашмоқда

ХОККЕЙ: “Хумо” ярим финал учун курашмоқда

Аслида Ўзбекистоннинг “Хумо” жамоаси иштирокидаги Олий Хоккей Лигаси доирасидаги Петров кубогининг плей-офф босқичининг чорак финал ўйинлари Тошкентдаги мухташам “Хумо” спорт мажмуасида ўтиши лозим эди.

Бироқ коронавирус балоси муносабати билан Ўзбекистондаги барча тадбирлар, жумладан спорт мусобақаларининг вақтинчалик тўхтатилганлиги туфайли “Хумо” раҳбарияти уй учрашувларини Россия ҳудудида давом эттиришга қарор қилишди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу босқичга энг кучли саккиз жамоа етиб келган ва тўртта жуфтлик сифатида ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб боришмоқда. Уларнинг орасида ватандошларимизнинг борлиги эса, табиийки, қувонарли.

photo5445017937548258525.jpg

Жамоамиз чорак финалда Москванинг “Звезда“ жамоасига қарши тўқнаш келган. Гарчи биринчи учрашувда мағлубиятга учраган бўлса-да, иккинчи баҳсда хоккейчиларимиз ўз тарихларида биринчи марта “Звезда”ни 3:2 ҳисобида енгишнинг уддасидан чиқишди. Афсуски, қолган иккита ўйин яна майдон эгаларининг устунлиги билан якун топди. Вакилларимиз айни пайтда тўртта ўйин якунига кўра 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришмоқда.

Аслида эртага “Звезда” ва “Хумо” жамоалари ўзаро бешинчи учрашувни ўтказишлари лозим эди. Бироқ Россия спорт вазирлиги тавсиясига кўра ВХЛ Петров кубоги баҳсларини 18 мартдан 24 мартга қадар тўхтатиб туришга қарор қилди. “Хумо”нинг ғалабаси чорак финал ўйинларини давом эттириш имкониятини берса, мағлубияти ортга қайтишини “таъминлайди”. Сабаби, чорак финалда ўйинлар жамоаларнинг бирининг тўртта ғалабасигача давом этади.

Қайд этиш лозимки, “Звезда“ чорак финалнинг биринчи, “Ҳумо“ эса саккизинчи жамоаси сифатида сараланган.

Чорак финал иштирокчиларининг шу кунгача қайд этган ҳолати эса қуйидагича: 

“Звезда“ (1, Москва) — “Ҳумо“ (8, Тошкент) — 3:1

“СКА-Нева“ (3, Санкт-Петербург) — “Барс“ (6, Қозон) — 1:3

“Динамо СПБ“ (2, Санкт-Петербург) — “Нефтяник“ (7, Альметевск) — 2:1

“Рубин“ (4, Тюмень) — “Югра“ (5, Ханти-Майсийск) — 2:1

1 919
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА