ЎзА Ўзбек

23.10.2012 13:57 Чоп этиш версияси

Халқаро турнир шоҳсупасида

Украинанинг Симферополь шаҳрида ўтган халқаро турнирда икки олтин, битта кумуш ва учта бронза медаль жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Вазни 52 килограммгача бўлган боксчилар мусобақасида рингга чиққан жаҳон чемпионати совриндори Жасурбек Латипов украиналик Мураз Алоевни муддатидан олдин, туркманистонлик Зариф Жумаевни 15:6, қозоғистонлик Анварбек Бойжоновни 9:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, олтин медаль билан тақдирланди.

49 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда қатнашган иқтидорли ёш боксчимиз Жаҳонгир Қурбонов эса мезбонлардан Дмитро Гречко, Рефат Ажиусманов ва туркиялик Муҳаммад Унлу устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Шаҳрам Ғиёсов кумуш, Осиё чемпиони Санжар Раҳмонов, Қобилжон Бобожонов ҳамда Бобур Айтбоев бронза медалга сазовор бўлди.

 


ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев
9 847