ЎзА Ўзбек

19.10.2012 19:33 Чоп этиш версияси

Халқаро мусобақа бошланди

Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича “Самарқанд юлдузлари” халқаро мусобақаси бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “ROWING & CANOE” федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган турнирда юртимиз вакиллари билан бирга Франция, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Венесуэла, Қозоғистон каби давлатлардан келган икки юз нафарга яқин спортчилар иштирок этмоқда.

Мусобақанинг очилишида мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни спорт билан шуғулланиб, ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб ўсишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Айни пайтда юртимизда академик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича етук спортчилар тайёрлаш, мамлакатимиз ва халқаро миқёсда мусобақалар ташкил этиш мақсадида “ROWING & CANOE” федерацияси, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари тайёрлаш марказлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасаларда ўқувчиларнинг ёшлигидан маҳоратини ошириб бориб, моҳир спортчилар бўлиб етишиши учун барча зарур шароитлар яратилган.

Самарқандда табиий имкониятлари жиҳатидан жаҳон миқёсида юқори ўринда турадиган эшкак эшиш канали мавжудлиги самарасида вилоятда мазкур спорт тури изчил ривожланиб, у билан шуғулланувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда Самарқанд туманидаги ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Тайлоқ олимпия захиралари касб-ҳунар коллежида эшкак эшиш спорт турлари бўйича истеъдодли ёшлар тарбияланмоқда. Шунингдек, 2011 йилда эшкак эшиш канали негизида яна бир болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди. Айни пайтда бу ерда етти ёшдан йигирма ёшгача бўлган юзга яқин ўғил-қизлар академик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича машғулотларда қатнашмоқда.

2009-2011 йилларда Самарқанд эшкак эшиш каналида кенг кўламли қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди. Мажмуа биноси қайта қурилиб, қарийб юз ўринли меҳмонхона, 64 ўринли ошхона, мажлислар зали ва бошқа ёрдамчи хоналар, баскетбол, волейбол, қўл тўпи майдончалари бунёд этилди. Канал халқаро андозаларга мос ҳолга келтирилди. Томошабинлар учун икки минг ўринли трибуна қурилди.

Бундай эътибор ва ғамхўрлик самарасида юртимиз спортчилари байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё ва жаҳон биринчиликлари, олимпиада ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашмоқдалар. «Самарқанд юлдузлари» турнирида ҳам юртимизнинг таниқли байдарка ва каноэчилари қаторида кўплаб умидли ёшлар иштирок этади.

Мусобақанинг биринчи кунида ўсмирлар ва катта ёшдаги байдарка ва каноэчилар яккалик, икки ва тўрт кишилик қайиқларда 1000 метр масофани босиб ўтиш бўйича ўзаро беллашдилар. Байдаркачи ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда икки кишилик қайиқда вакилларимиздан Сергей Бухалцев ва Марлен Сентягов маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ушбу спорт тури бўйича катталар ўртасида бир кишилик қайиқда ҳамюртимиз Алексей Мачалов, тўрт кишилик қайиқда Сергей Борзов, Александр Тропин, Алексей Мочалов ва Вячеслав Горндан иборат жамоа ҳамда қизлар ўртасида икки кишилик қайиқда юртимиз вакиллари Мария Горн ва Зарнигор Қосимова биринчи ўринга сазовор бўлди.

Мусобақада спортчилар 88 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)
10 817