ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Халқаро спорт саммитида инновацион ғоялар илгари сурилди

Халқаро спорт саммитида инновацион ғоялар илгари сурилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан бир гуруҳ фаол ёшларнинг халқаро лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида 4-6 октябрь кунлари “Халқаро спорт саммити” ташкил этилди. Спорт саммитида 1258 нафар иштирокчилар орасидан сараланиб олинган 120 нафар мамлакатимиз ёшлари шунингдек, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Нигерия давлатидан ташриф буюрган спортсевар делегатлар иштирок этишди.

Ёшлар пресс-клубида ўтказилган очилиш маросими кўтаринки руҳда ташкил этилди. Лойиҳа ташкилотчилари мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган халқаро спорт саммити бўйича маълумотлар бериб, биринчи маротаба ўтказилаётган спорт саммити билан барча ёшларни табриклашди. Сўнг барча иштирокчилар юртимизнинг энг гўзал жойларидан бири Бўстонлиқ тумани томон йўл олишди. Йўл давомида ҳуш кайфият ҳеч кимни тарк этмади. Фаол ёшлар чет давлатидан ташриф буюрган тенгдошларига ўзбек тилидаги сўзларни ўргатиб, миллий қўшиқларимизни хиргойи қилиб кетишди. Оромгоҳга етиб келингандан сўнг иштирокчилар учун маҳоратли тренерлар томонидан семинарлар ўтказилди. Спортчиларни олимпиада ўйинларига психологик, биологик, физиологик тайёрлаш, туризм, бизнес режа ва бизнес ғоялар ҳамда спорт журналистикаси йўналишларида соҳа мутахассислари томонидан хилма-хил маълумотлар берилди.

Эрта тонгдан мусиқа ҳамоҳанглигида бадантарбия, тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш ва мазали таомлар истеъмоли ёшларни кун давомида семинар-тренингларда фаол бўлишини таъминлади.

- Яқинда каратэ спорт туридан ўтказилган мусобақада енгил тан жароҳати олдим. Шу вақтда менинг жисмоний ва руҳий кучим ҳам бор эди, лекин ўзимда психологик ёрдамга муҳтож эканлигимни сездим, - дейди саммит президенти Хонзодабегим Жамалова. - Демак, барча спортчиларнинг ривожланиши учун психологик, физик, биологик ёрдам муҳим! Яна чет элдан қиммат спорт маҳсулотлари сотиб олиш ўрнига ўз юртимизда тадбиркорликни ривожлантириб, сифатли спорт анжомлари, спорт кийимлари ишлаб чиқариш, спорт иншоотларини кўпайтириш керак. Бу орқали чет элдан қиммат нархга сотиб олаётган маҳсулотларимиз арзон бўлиши мумкин. Шунингдек, спорт йўналишидаги янгиликлар, муаммоларни ёритишда ёш шарҳловчиларга муҳтожлигимизни тушуниб етдим. Спорт саммитида халқаро делегатлар иштирокини кенгайтириш эса мамлакатимизнинг туризм соҳасини ривожлантиришга ҳиссасини қўшган бўларди.

Спорт журналистикаси йўналиши делегатлари учун Хайрулла Хамидов ва Даврон Файзиев ментор этиб белгиланди. Малакали шарҳловчилар иштирокида Ўзбекистонда спорт журналистикасидаги ютуқлар ва камчиликлар муҳокама этилди. Бугунги спорт журналистикасида таъсирчанликни ошириш, тезкорлик ҳамда томошабинларга қизиқарли дастурлар тайёрлаш борасида иштирокчиларга керакли билимлар бериб ўтилди.

Халқаро делегатлар ва юртимиз ёшлари биргаликда туризм, спортчиларни олимпиада ўйинларига психологик, биологик, физиологик тайёрлаш, бизнес режа ва бизнес ғоялар каби йўналишларда инновацион лойиҳалар ишлаб чиқишни бошлашди.

photo_2019-10-06_20-42-46.jpg

photo_2019-10-06_20-42-48.jpg

photo_2019-10-06_20-42-52.jpg

5 775
Авазбек АРАББОЕВ, Хамдам МАМАДАЛИЕВ (Сурат), ЎзА