ЎзА Ўзбек

31.03.2019 11:57:10 Чоп этиш версияси

Хўжаободда Ўзбекистон кубоги беллашувлари якунланди


Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги болалар – ўсмирлар спорт мактабида миллий белбоғли кураш бўйича 2003-2004 йилда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди. Мазкур мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 250 нафарга яқин ўғил-қизлар иштирок этишди. Ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишда ўн бир вазн тоифасига кўра, қизлар эса худди йўналишларда еттита вазнда ўзаро куч синашишди. Илёс Ёқубжонов (42 кг. Андижон), Диёрбек Худойберганов (+71 кг. Тошкент в.), Жаҳонгир Эшқўзиев (42 к. Сирдарё), Юлдуз Абдуллаева (52 кг. Сирдарё), Каромат Давлетова (48 кг. Хоразм) сингари ёш спортчилар барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг юқорисидан жой олишга муваффақ бўлишди.

- Мусобақа қизиқарли ва муросасиз ўтганлигидан ташқари яна бир муҳим жиҳати – истеъдодлар сараланди, дейди белбоғли кураш бўйича Андижон вилоят бош мураббийи Жамолиддин Бозоров. -. Терма жамоамизга муносиб бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этаётгани миллий спорт туримиз бўлган белбоғли курашнинг тобора оммалашиб бораётганидан дарак. Вилоятимизнинг Пахтаобод, Балиқчи, Шаҳрихон туманларида, Қорасув шаҳрида, Андижон шаҳрида ушбу спорт туридан оммавийлик юқори эканлигини кўриш мумкин. Айни пайтда 50 нафар атрофида полвонларимиз мамлакат терма жамоалари сафида туриб, халқаро мусобақаларда Юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Мақсадимиз жорий йилги халқаро беллашувларда ҳам совринларни қўлга киритиш бўлади.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.