ЎзА Ўзбек

20.05.2020 Чоп этиш версияси

Хўш, футболнинг тақдири нима бўлмоқда?

Хўш, футболнинг тақдири нима бўлмоқда?

COVID-19 пандемияси дунё футболи тизимини “ишдан чиқарди”. Баҳор-куз услубидаги мамлакатлар мавсумни ҳануз бошлай олишмаяпти, Куз-баҳор тизимидагилар эса давом эттира олмай ҳалак. Шундай бўлса-да, бу борадаги ишлар батамом тўхтаб қолганича йўқ.

Имкониятдан келиб чиқиб, Шотландия чемпионати охиригача давом эттирилмади, аксинча, мамлакат Премьер-лигаси раҳбарияти мавсумнинг якунланганини эълон қилди-қўйди. Турнир жадвалидаги ўринларни аниқлаш ўртача очколарни ҳисоблайдиган тизим қабул қилинди. Унга кўра, “Селтик” “Рейнжерс”дан 13 очко кўп тўплаган ҳолда чемпионга айланди. Стивен Жеррард жамоаси эса иккинчи ўрин билан чегараланди. “Мазервалл” ва “Абердин” жамоалари Европа Лигасида ўйнайдиган бўлди. Кучлилар қаторини эса “Хартс” тарк этди, аксинча, юқори лигага “Данди Юнайтед” равона бўлди.

Греция ва Россия чемпионатларига ҳам ойдинлик киритилди. Греция суперлигаси директорлар кенгаши мусобақани 6 июндан бошлаб давом эттириш борасида қарор қабул қилди. Фақат бу ҳали ҳал бўлди дегани эмас. Мазкур қарорни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаши лозим. Ҳаммаси жойида бўлса ва чемпионат давом эттирилса мавсум 19 июль куни якунланиши кўзда тутилган.

Россия чемпионатининг расмий сайти маълумотига кўра мамлакат чемпионати 21 июнда тикланади. Шундай бўлган тақдирда ўйинлар 21 июнь ва 22 июль оралиғида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Табиийки, қолган барча ўйинлари мухлисларсиз ўтказилади.

Мавсум охирида икки клуб чемпионатни тўғридан-тўғри ўтиш ўйинларисиз тарк этади. Биринчи лига мақомида бўлган ФНЛнинг икки клуби эса РПЛга йўл олади. Улар лицензия талабларини бажарган бўлиши керак. Акс ҳолда жамоалар Россия юқори дивизионида қатнаша олмайди ва уларнинг ўрнини бошқа жамоа эгаллайди. Бу борада РПЛнинг охирги икки поғонасини эгаллаган жамоаларга устунлик берилади. Шунингдек, Россия кубоги мусобақаларининг ҳам тикланиши борасида хабарлар бор. Кубок финали 25 июль кунига белгиланган.

Хўш, 18 майдан машғулотларга киришадиган, июнь ойидан эса чемпионатини бошлайдиган Италияда нима гап? “Football Italia” нашрининг хабар беришича, ҳукумат раҳбари Жузеппе Конте мамлакат ҳудудида барча спорт мусобақалари, шу жумладан, футболни ҳам 14 июнгача тўхтатиш ҳақида янги қарорни имзолади.

Агар 14 июнгача Италия чемпионати давом эттирилмаса, мавсум муддатидан олдин якунланиши эҳтимоли юқори. Чунки аксарият клублар мавсумни якунлаб қўйишни хоҳлашмоқда.

4 715
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА