Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 15:49 Чоп этиш версияси

Истеъдодли шахматчилар сараланди

Истеъдодли шахматчилар сараланди Қаршида “Камолот” шахмат тахтаси” республика турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Турнир “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Маданият, Халқ таълими вазирликлари, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Ушбу анъанавий турнирнинг жорий йилги мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 8 ёшдан 19 ёшгача бўлган 140 шахматчи иштирок этди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши бўлим мудири Умид Ражабов. – 2007 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур мусобақа ёш ҳаваскор шахматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг профессионал спортга дадил кириб боришига кўмаклашмоқда.

Қизлар ўртасида Наманган вилоятидан Мавлуда Маҳмудова, Бухоро вилоятидан Гулхумор Нажмиддинова, Сурхондарё вилоятидан Гулчеҳра Абдухолиқова, Навоий вилоятидан Барчиной Облаева, Фарғона вилоятидан Наврўзахон Абдуллаева, ўғил болалар ўртасида Қашқадарё вилояти вакиллари Салоҳиддин Жуманазаров ва Анвар Ҳакимов, наманганлик Фарҳоджон Эргашев, хоразмлик Жонибек Бахтиёров ва Қорақалпоғистон Республикаси вакили Аббазлар Аузимбетов ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритди.

Умумжамоа ҳисобида 1 олтин ва 5 кумуш медаль билан Навоий вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга Наманган, учинчи ўринга Сурхондарё вилояти жамоалари сазовор бўлди.

– Етти ёшимдан буён шахмат билан шуғулланаман, – дейди турнир ғолиби қашқадарёлик Анвар Ҳакимов. – Бугунгидек мусобақалар келажакда янада юқори натижаларни қўлга киритишимизда муҳим аҳамият касб этади. Мақсадим, нуфузли халқаро турнирларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш.

Турнирда “Энг ёш иштирокчи қиз”, “Энг ёш иштирокчи бола”, “Энг яхши партия”, “Энг чиройли комбинация”, “Ғалабага бўлган ишончи учун”, “Энг аҳил жамоа”, “Мастер-класс” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Турнир доирасида ташкил этилган турли маданий-маърифий тадбирлар ҳамда Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларига қилинган саёҳат ёшларда катта таассурот қолдирди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 324






Все о погоде - Pogoda.uz