ЎзА Ўзбек

01.03.2020 Чоп этиш версияси

Исроил Мадримов 10 раундга мўлжалланган жангни муддатидан олдин якунлади

Исроил Мадримов 10 раундга мўлжалланган жангни муддатидан олдин якунлади

АҚШнинг Техас штати, Фриско шаҳрида ташкиллаштирилган профессионал бокс оқшомида рингга кўтарилган ҳамюртимиз Исроил Мадримов 10 раундга мўлжалланган жангни муддатидан олдин якунлай олди. Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу пайтгача 4 та жанг ўтказиб, барчасида рақибларини нокаутга учратган иқтидорли боксчимизга ушбу жангда венесуэлалик тажрибали чарм қўлқоп устаси Чарли Наварро рақиблик қилди. Наварро шу пайтга қадар профессионал рингда 29 та жанг ўтказиб, 19 та ғалаба қайд этган, яна 10 та жангни рақибларига бой бериб қўйган.

Навбатдаги жангда ҳам Исроил Мадримов рақибига нисбатан кучли эканлигини исботлади ва баҳснинг 6 раундига келиб кучли зарбалар эвазига Чарли Наваррони нокаутга учратди. Шу тариқа ҳамюртимиз WBA йўналишида WBA Super ёки WBA Regular камарлари учун асосий даъвогарга айланди ва Мадримовнинг кейинги жанги биринчи ўрта вазн тоифасида чемпионлик учун кечиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов ўзининг профессионал боксдаги илк жангидаёқ биринчи ўрта вазн тоифасида WBA Inter-Continental камари эгасига айланган эди.

Ҳамюртимиз жанг олдидан берган интервьюсида катта жангларга тайёр эканлигини ва Лара ва Лозарио каби чемпионларга қарши рингга кўтарилмоқчи эканлигини айтиб ўтган эди.

5 968
ЎзА