ЎзА Ўзбек

08.06.2018 09:00:43 Чоп этиш версияси

Қишлоқ болалари учун бепул бокс тўгараги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев 2017 йил 20 июль куни Чироқчи туманида уюшмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказган ва унда ёшлар томонидан билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланиб, замонавий бокс тўгараги очиш масаласи муҳокама қилинган эди.

Ниҳоят, чироқчилик ёшларнинг орзуси амалга ошди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан бепул бокс тўгараги иш бошлади.

Тўгарак туман ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий жалб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Фарзандим Одилжон ёшлигидан боксга қизиққани сабабли узоқ бўлса-да, Шаҳрисабз шаҳридаги бокс тўгарагига қатнар эди, – дейди Дилшод ака. – Энди ҳеч қандай хавотир ва ташвишга ўрин қолмади. Ҳам яқин, ҳам бепул. Ёшларимиз мана шундай катта имкониятлардан самарали фойдаланишига ишонамиз.

Қувонарлиси, ҳозирнинг ўзида тўгаракка 100 га яқин ўғил-қиз қатнашмоқда.