ЎзА Ўзбек

10.03.2020 Чоп этиш версияси

Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари Ўзбекистон Лига Кубогида қатнашади

Қирғизистон ва Тожикистон жамоалари Ўзбекистон Лига Кубогида қатнашади

Хабарингиз бор, 2019 йилги мавсумдан бошлаб илк бор Ўзбекистон Лига Кубоги мусобақаси ташкил этилган эди.

Бу йилдан бошлаб мусобақада Қирғизистон ҳамда Тожикистоннинг 4 тадан жамоаси қатнашадиган бўлди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти маълум қилди.

Қирғизистоннинг етакчи клублари – “Дордой” (Бишкек), “Алай” (Ўш), шунингдек, “Абдиш-ата” (Кант) ҳамда “Каганат” (Ўш) клублари янги мавсумда Лига Кубоги баҳсларида қатнашишини тасдиқлаб, расмий хат юборишди. Шунингдек, Тожикистоннинг “Ҳўжанд” (Ҳўжанд), “Регар-ТадAЗ” (Турсунзода), “Кўктош” (Рудаки) ҳамда “Истаравшан” (Истаравшан) жамоалари ҳам Ўзбекистон Лига Кубогида иштирок этиш ниятида эканини тасдиқлади.

Қайд этиш жоиз, қўшни республика жамоаларининг Лига кубоги баҳсларига қўшилиши мухлислар соғинган дербиларни қайтариши мумкин. Зеро қўшни мамлакатлар етакчи жамоаларининг ўзаро тўқнашувлари ҳам ўзбекистонлик, ҳам қирғизистонлик, қолаверса тожикистонлик мухлисларнинг катта қизиқишга сабаб бўлиши тайин. Шунингдек, халқаро мусобақалардан четда қолаётган клублар учун ҳам бундай учрашувлар катта тажриба мактаби бўлиши мумкин.

Лига кубоги иштирокчи мамлакатлар ҳакамлари, комиссарлари, инспекторлари учун ҳам муҳим. Улар халқаро ўйинлар орқали ОФК мусобақалари учун дастлабки тайёргарлик босқичидан ўтиш имконига эга бўлади. Бунда тил муаммоси деярли кўзга ташланмайди.

Aлоҳида урғу бериш лозимки, мазкур мусобақада келаси мавсумларда Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари жамоалари ҳам иштирок этишлари кутилмоқда. Бу билан биз Ўрта Осиё жамоаларини бирлаштириб турувчи клублар мусобақасига эга бўламиз, CAFA мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар янада илиқлашади.

4 321
ЎзА